Австралияда 13 ёшли қизга 109 айблов қўйилди

Австралияда 13 ёшли қизга 109 айблов қўйилди

Австралияда жамоатчиликни ҳайратга солган жиддий ҳолат юз берди. 13 ёшли қизга нисбатан жами 109 та айблов қўйилгани расман маълум қилинди. Бу ҳақда маҳаллий ABC News манбалари хабар берди.

Маълумотларга кўра, вояга етмаган шахс ўғирланган автомобиллардан фойдаланиб, турли ҳудудларда хавфли ҳаракатлар содир этган. Унинг ҳаракатлари бир қатор жиноий эпизодлар билан боғланиб, улар ўғирлик, хонадонга бостириб кириш ва транспорт воситасини ноқонуний бошқариш каби айбловларни ўз ичига олади.

30 март куни қайд этилган воқеалардан бирида қиз ўғирланган машина рулида ҳаракатланаётган пайтда велосипедчига хавф солган ҳолат кузатилган. Кейинчалик эса йўлдаги тўқнашув ва жанжал ортидан бир эркак устига машина ҳайдалгани айтилмоқда. Жабрланувчи турли тан жароҳатлари ва руҳий изтироблардан азият чекмоқда.

Тергов жараёнида полиция томонидан қизга тегишли телефон текширилганда, бир қатор ташвишли материаллар ва видеолар аниқланган. Шунингдек, у интернетда жиноятлар оқибати ҳақида маълумот қидиргани ҳам қайд этилган. Терговчилар бу ҳолатлар олдиндан режалаштирилган бўлиши мумкинлигини истисно қилмаяпти.

Судда прокурор томонидан берилаётган маълумотларда сўнгги ойларда айбланувчининг фаоллиги кескин ошгани таъкидланди. У қисқа вақт ичида бир неча ўнлаб ҳуқуқбузарликларга алоқадор бўлгани айтилмоқда.

Айни пайтда суд унинг жамоат учун юқори даражада хавф туғдиришини инобатга олиб, гаров эвазига озод қилиш ҳақидаги илтимосни рад этди. Қиз 21 кундан сўнг навбатдаги суд муҳокамасига олиб чиқилади.

"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Kamola Shuhratova
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Мавзуга оид янгиликлар

Маълумот Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.