Блогер Виктория Боня Путинга очиқ мурожаат йўллаб, халқ дардини айтди...

Блогер Виктория Боня Путинга очиқ мурожаат йўллаб, халқ дардини айтди...

Россиялик машҳур блогер ва телебошловчи, Инстаграм оламида 13 миллиондан ортиқ кузатувчига эга бўлган Виктория Бонянинг навбатдаги чиқиши ижтимоий тармоқларни ларзага келтирди. У ўз саҳифасида Россия президенти Владимир Путинга бағишланган 18 дақиқалик видеомурожаат эълон қилиб, мамлакатдаги энг оғриқли нуқталарга тўхталди. Zamin.uz ушбу шов-шувли мурожаатнинг асосий мазмунини тақдим этади.

«Халқ сиздан қўрқади»

Виктория Боня ўз мурожаатини мамлакатдаги умумий кайфиятдан бошлади. Унинг таъкидлашича, бугунги кунда Россияда оддий одамлардан тортиб, таниқли ижодкорлар ва ҳатто вилоят губернаторларигача президентдан ҳайиқиб яшамоқда. «Сиз мамлакат раҳбарисиз, халқ эса сиздан қўрқмаслиги керак», — деди блогер ўз фикрларини очиқ баён этар экан.

Губернаторлар яшираётган бешта муаммо

Боня президентга йўллаган «ҳисоботи»да маҳаллий раҳбарлар тилга олишга ботинмаётган бешта долзарб масалани санаб ўтди:

  1. Доғистондаги табиий офат: Сув тошқинларидан жабр кўрган аҳолига дастлабки кунларда ҳеч қандай кўмак берилмагани;

  2. Экологик инқироз: Анапа соҳиллари мазут билан ифлослангани ва муаммо ҳамон ечилмай қолаётгани;

  3. Жониворлар геноциди: «Қизил китоб»га кирган ноёб ҳайвонларни овлашга йўл очувчи янги қоидалар;

  4. Чорвачиликдаги муаммолар: Новосибирск вилоятида аҳоли қарамоғидаги қорамолларнинг мусодара қилиниши ва йўқ қилиниши;

  5. Рақамли чекловлар: Интернет тармоғининг блокланиши ва ахборот эркинлигининг чекланиши.

«Бизнес ўлмоқда, одамлар кетиш йўлини изламоқда»

Блогернинг сўзларига кўра, иқтисодий вазият ҳам ҳаминқадар. Нарх-навонинг кескин кўтарилиши ва кичик тадбиркорликка бўлаётган босимлар одамларни чорасиз қолдирмоқда. «Халқнинг охирги чораси ҳам тортиб олиняпти. Бугун Google тизимида энг кўп берилаётган савол — Россиядан қандай қилиб кетиш бўлиб қолди», — дея таъкидлади у.

Суд ишлари ва янги таклиф

Мурожаатда яқинда 7 йилга озодликдан маҳрум этилган Артём Чекалин ва унинг собиқ рафиқаси Лерчекнинг ишларига ҳам эътибор қаратилган. Шунингдек, Боня депутат Виталий Милоновнинг аёлларга нисбатан ҳақоратли чиқишларини кескин қоралади.

Ечим сифатида Виктория Боня президентга халқ билан тўғридан-тўғри мулоқот қиладиган махсус платформа (масалан, Max мессенжери негизида) яратишни таклиф қилди. Унинг фикрича, ҳокимият халққа хизмат қилиши керак, аксинча эмас.

Миллионлаб кўришлар ва минглаб изоҳлар

Айни пайтда Монакода истиқомат қилаётган блогернинг ушбу видеоси қисқа вақт ичида 22 миллион мартадан ортиқ кўрилди. 1,2 миллиондан зиёд лайк ва 67,2 мингдан ортиқ изоҳлар бу мавзу нақадар долзарб эканини исботламоқда.

Азиз муштарийлар, сизнингча, блогерларнинг бундай сиёсий чиқишлари муаммолар ечимига ёрдам берадими? Машҳур инсонлар «халқ номидан» гапиришга ҳақлими?

"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Shuhrat Razzakov
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Мавзуга оид янгиликлар

Маълумот Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.