Шина тортган бола видеоси ортидан отага текширув бошланди

Шина тортган бола видеоси ортидан отага текширув бошланди

Фарғона вилоятида ота ўзининг ёш ўғлини автомобил шинасига боғлаб югуртиргани акс этган видеолар ижтимоий тармоқларда кескин муҳокамаларга сабаб бўлди. Кадрларда тахминан 8–9 ёшли боланинг оғир жисмоний машқлар бажараётгани кўриниб, бу ҳолат кўплаб фойдаланувчилар норозилигига сабаб бўлган.

Видеоларни боланинг отаси Instagram саҳифасига жойлаб борган. У ўғлини “монстр ўғлим” дея атаб, машқлар орқали “мақсадларига етиши”ни таъкидлаган. Бироқ қандай мақсад кўзланаётгани ҳақида аниқ маълумот берилмаган.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари эса бундай машқлар бола организми учун хавфли бўлиши мумкинлигини айтмоқда. Айримлар буни профессионал спорт тайёргарлиги эмас, балки ортиқча жисмоний ва руҳий босим сифатида баҳолаган.

Шунингдек, изоҳларда болани оғир машқларга мажбурлаётган отага нисбатан ҳуқуқий чора кўриш чақириқлари ҳам янграган. Фойдаланувчиларнинг фикрича, бу ёшда бола асосан таълим ва соғлом ривожланиш билан шуғулланиши керак.

Ҳолатга Bolalar ombudsmani ҳам муносабат билдирди. Идора вакиллари болаларни ижтимоий тармоқларда контент учун бундай тарзда жалб қилиш “нормал амалиёт эмас”лигини таъкидлаган.

Омбудсман маълумотига кўра, айни вақтда мутасадди ташкилотлар томонидан боланинг отасини аниқлаш ва ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, болаларнинг шахсий ҳаёти ва хавфсизлигини интернетда ҳимоя қилиш масаласи яна долзарб мавзулардан бири экани қайд этилди.

"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Kamola Shuhratova
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Мавзуга оид янгиликлар

Маълумот Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.