Қашқадарёда майор чўкаётган болани қутқариб қолди

Қашқадарё вилоятида содир бўлган воқеа кўпчиликни бефарқ қолдирмади. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимининг тезкор ва жасоратли ҳаракати туфайли яна бир ёш ҳаёт сақлаб қолинди.
Ҳодиса 23 май куни тахминан соат 17:00 атрофида Китоб туманининг “Боғбон” маҳалласида юз берган. Дастлабки маълумотларга кўра, 9 ёшли бола велосипедда ҳаракатланиб кетаётиб, мувозанатини йўқотган ва эҳтиётсизлик оқибатида Қашқадарё дарёсига тушиб кетган.
Оқим кучли бўлган дарёда бола чўкиб кетиш хавфи остида қолган. Айнан шу пайтда яқин атрофда яшовчи Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходими — майор Ҳусниддин Шарапов вазиятни кўриб қолиб, дарҳол ёрдамга ошиқган. У иккиланмасдан сувга тушиб, болани қутқариб қолган.
Тезкорлик билан амалга оширилган ушбу жасоратли ҳаракат туфайли бола омон қолган. Шундан сўнг унга зарур тиббий кўрик кўрсатилиб, яқинларига топширилган. Ҳозирда боланинг аҳволи яхши экани маълум қилинди.
Мазкур воқеа ижтимоий тармоқларда ҳам илиқ кутиб олиниб, кўплаб фойдаланувчилар қаҳрамон ходимга миннатдорлик билдирмоқда.













