Илон шўрвани ичса бўладими?

Илон шўрвани ичса бўладими?
Наманган шаҳри кўчаларидан биридаги эълонда илондан тайёрланган шўрва ва унинг минг дардга даволиги қўшиб-чатиб ёзилган эълонга кўзим тушиб қолди.

Астағфируллоҳ... Аввало унда даво йўқлиги очиқ-ойдин.
Қолаверса, битта илон шўрва шунча дардга даво бўлса, табибларга не ҳожат?! Наҳотки калласи катта мижозлар шуни ўйлаб кўрмайди?!

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: \"Шак йўқки, дард ва давони туширган Аллоҳ ва ҳар бир дард учун даво ҳам қилган. Даволанинглар, лекин ҳаром билан даволанманглар!\" – деб марҳамат қилганлар.

Аллоҳ таоло: “Уларга жирканч нарсаларни ҳаром қилади”, – дейди. Қурбақа, қисқичбақа, илон ва шунга ўхшаганлар жирканч ҳайвонлардан ҳисобланади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан қурбақанинг ёғини дорига қўшиш ҳақида сўралганда, уни ўлдиришдан қайтардилар. Бу уни ейишдан қайтариш демакдир.

Кўршапалаг-у илонларни еб юрган хитойлар ва улар йўлиққан турли эпидемия, касалликлар барчамизга ибрат бўлмоғи лозим.

Ҳасан ибн Али раҳимаҳуллоҳдан: “Моҳир табиб, касалликни даф қилади деса, илон ва типратикан ейиш ёки таркибида илон бўлган дори истеъмол қилиш ҳалол бўладими?” деб сўралди. У киши: “Йўқ, ҳалол бўлмайди”, – деб жавоб бердилар”. (“Баҳрур роиқ” ).

Демак, илон шўрвани ичиш ҳалол эмас. Дори-дармонларни ҳалол нарсалар ичидан излашимиз керак.
Бас, шундай экан, ҳалқумимизни пок сақлайлик!

Ёқуб Умар
"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Shuhrat Razzakov
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Мавзуга оид янгиликлар

Маълумот Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.