“Уммон” 10 йиллик танаффусдан сўнг саҳнани ларзага келтирди(расм)

“Уммон” 10 йиллик танаффусдан сўнг саҳнани ларзага келтирди(расм)

19 апрель куни Ҳумо арена саройида Уммоннинг узоқ кутилган жонли концерт дастури бўлиб ўтди. Орадан қарийб 10 йиллик танаффус ўтгач, катта саҳнага қайтган гуруҳ концерти ҳақиқий шоу ва ҳиссиётларга бой кечага айланди. Минглаб мухлислар кеча бошланишидан олдинoқ арена атрофида жам бўлишди. Концерт вақтида эса 12 минг нафар мухлис бир овоздан қўшиқларни куйлаб, залда ўзига хос муҳит яратди.

“Уммон” 10 йиллик танаффусдан сўнг саҳнани ларзага келтирди(расм)

Дастур аввалида гуруҳ аъзоси Шоҳрух Исамуҳаммедов саҳнага чиқиб, сўнгги йилларда бошдан кечирилган оғир кунларни эслади. У дўсти Жасур Рафиқовнинг вафоти ҳамда Зоҳид Рисқиев ҳаёт учун курашган кунларини тилга олиб, бу саҳнага қайтиш осон бўлмаганини таъкидлади. Концерт “Ана энди йиғла” таронаси билан бошланди ва илк дақиқаларданоқ мухлисларнинг кучли қўллови сезилди.

Гуруҳ аъзолари айтишича, концерт учун тахминан 5-6 ой давомида катта тайёргарлик олиб борилган. Аввалига дастурни айнан “Ҳумо арена”да ўтказиш масаласида иккиланиш бўлган. Чунки 12 минг кишилик аренани тўлдириш катта масъулият эди. Аммо мухлисларга бўлган ишонч уларга дадил қадам ташлашга туртки берган. Концертдан кейин берилган интервьюда Шоҳрух Исамуҳаммедов илк икки қўшиқ давомида қаттиқ ҳаяжон бўлганини, кейин эса мухлислар энергияси уларга куч берганини айтди.

“Уммон” 10 йиллик танаффусдан сўнг саҳнани ларзага келтирди(расм)

Кеча давомида жами 30 та қўшиқ жонли ижрода янгради. Мусиқий дастур устида катта оркестр ишлагани сабабли ҳар бир тарона янада таъсирли чиқди. Гуруҳ аъзолари 400 дан ортиқ қўшиқ орасидан аввал 70 тасини саралаб, кейин энг сара 30 тасини концерт учун танлаб олишганини маълум қилди. Шу сабабли дастурга дуэт тароналар киритилмаган.

Концерт учта йирик блокка бўлинди. Айниқса, сўнгги қисм мухлислар учун унутилмас онларга айланди. Унда “7-қават”, “Тола”, “Сен меники эмассан”, “Денгиз” ва “Уммон барибир Уммон” каби хит тароналар кетма-кет ижро этилди. Залдаги мухлислар эса барча қўшиқларни биргаликда куйлаб, концертга янада кўтаринки руҳ бағишлади.

Кечанинг энг таъсирли лаҳзаларидан бири марҳум Жасур Рафиқов хотирасига бағишланган қисм бўлди. Унинг овози янграган вақтда аренани кучли ҳиссиёт қамраб олди. Гуруҳ аъзолари концертдан олдин Жасурнинг онасидан унинг овози ва суратларидан фойдаланиш учун рухсат олишганини айтишди. Улар дўстини ҳеч қачон унутмасликларини ва ҳар бир концертда уни хотирлашларини таъкидлашди.

“Уммон” 10 йиллик танаффусдан сўнг саҳнани ларзага келтирди(расм)

Шунингдек, “ Уммон” гуруҳи янги аъзо қўшиш режаси йўқлигини маълум қилди. Уларнинг фикрича, мухлислар айнан эски таркибни яхши кўради ва гуруҳ шу кўринишда ўз ўрнига эга бўлган. Санъаткорлар келаси йил янада каттароқ концерт дастури билан мухлислар қаршисига чиқишни режалаштираётганини ҳам қўшимча қилди.

"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Aziza Shukhratova
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Мавзуга оид янгиликлар

Маълумот Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.