Райҳон Намангандаги Гуллар фестивалида қизил либосда барчани ром этди

Бугун, 24 май куни Наманган шаҳрида 65-Халқаро Гуллар фестивали тантанали руҳда бошланди. Ҳар йили катта шукуҳ билан ўтказиладиган ушбу анъанавий байрам бу сафар ҳам ўзининг кенг кўлами, ранг-баранг безаклари ва бетакрор манзаралари билан барчани лол қолдирмоқда. 12 июльгача давом этадиган фестивал давомида Наманган ҳақиқий гуллар маконига айланади.
Бу йилги тадбир шаҳар учун тарихий аҳамият касб этди. Наманган “жамоа бўлиб бир ой давомида энг кўп экилган гуллар” йўналишида Гиннес рекордини ўрнатиб, дунё эътиборини ўзига қаратди. Махсус сертификат тантанали равишда вилоят раҳбариятига топширилди.
Фестивал доирасида маданий дастурлар ҳам юқори савияда ташкил этилган. Машҳур хонандалар саҳнага чиқиб, томошабинларга унутилмас лаҳзалар туҳфа этмоқда. Куй-қўшиқлар, ёрқин чиқишлар ва байрамона муҳит меҳмонларга ўзгача кайфият улашмоқда.
Ана шундай санъаткорлар қаторида Райҳон ҳам фестивал саҳнасида чиқиш қилиб, мухлисларини хурсанд қилди. У ўзининг ҳаммага манзур бўлган машҳур хит қўшиқларини куйлаб, томошабинлар олқишига сазовор бўлди.
Айниқса, хонанданинг саҳнадаги образи эътибордан четда қолмади. Райҳон фестивал руҳига мос тарзда гуллар билан безатилган қизил либосда чиқиш қилиб, ўзининг нафис диди ва ўзига хос услуби билан барчанинг нигоҳини ўзига қаратди.













