Хосеп Гвардиола ўзидан кейинги бош мураббийга қандай маслаҳат берди?

Хосеп Гвардиола ўзидан кейинги бош мураббийга қандай маслаҳат берди?

Жорий мавсум якунида “Манчестер Сити”ни тарк этадиган Хосеп Гвардиола ўзидан кейин жамоани қабул қилиб оладиган мутахассисга қандай маслаҳат бериши ҳақида фикр билдирди. Испаниялик мураббий ўн йил давомида “шаҳарликлар”ни бошқариб, клуб тарихида бутун бир давр яратди.

Премьер-лиганинг сўнгги турида “Астон Вилла”га қарши ўтказиладиган учрашув Гвардиола учун “Манчестер Сити” бош мураббийи сифатидаги охирги ўйин бўлади. Шу боис бу баҳс нафақат мавсум якуни, балки Пеп даври билан хайрлашув рамзига ҳам айланмоқда.

Гвардиола “Сити”да ишлаган йиллари давомида жамоани Англия ва Европа футболидаги энг кучли тизимлардан бирига айлантирди. Унинг қўл остида клуб тўп назорати, позицион футбол, юқори прессинг ва майдондаги тактик мослашув бўйича янги стандарт ўрнатди. Энди эса янги мураббий ана шу улкан меросни қабул қилиши керак бўлади.

Испаниялик мутахассиснинг фикрича, унинг ўрнига келадиган мураббий энг аввало ўзлигини сақлаб қолиши лозим. Пеп янги устозга кимгадир тақлид қилиш эмас, балки ўз ғояси, ўз услуби ва ўз характери билан ишлашни маслаҳат берди.

“Янги мураббийга хабар? Аслинг каби бўл, дейман. Мураббий ўзига хос, бетакрор бўлиши керак. Клуб уни ва ёрдамчиларини мени қўллаб-қувватлагандек қўллаб-қувватлайди”, — деди Гвардиола.

Бу сўзлар Пепнинг мураббийликка бўлган қарашини яхши очиб беради. Унингча, “Манчестер Сити”дек катта клубда муваффақият қозониш учун фақат тайёр тизимни давом эттириш етарли эмас. Янги мураббий ўз қарашларини олиб кириши, футболчиларни ўз ғоясига ишонтириши ва жамоани ўз услубига мослаштириши керак.

Албатта, Гвардиоладан кейин “Сити”ни бошқариш осон вазифа бўлмайди. Чунки Пеп клубда жуда баланд мезон қолдирмоқда. Унинг даврида жамоа нафақат кўп соврин ютди, балки футбол услуби билан ҳам бутун дунёда тан олинди. Янги мураббийдан эса шу даражани сақлаш, балки уни янада ривожлантириш талаб этилади.

Сўнгги маълумотларга қараганда, Гвардиоладан кейин “Манчестер Сити”ни унинг италиялик шогирди Энцо Мареска бошқариши кутилмоқда. Мареска Пеп футбол мактабига яқин мутахассис сифатида баҳоланади. У позицион футбол, тўп назорати ва тактик интизомга асосланган ўйинни яхши тушунади.

Шу билан бирга, Гвардиоланинг маслаҳати Марескага ҳам тўғридан-тўғри тегишли: у “янги Пеп” бўлишга уринмаслиги, балки ўз йўлини топиши керак. Чунки катта клубда мураббийнинг энг асосий кучи — унинг шахсий ғояси ва футболчиларни ўзига ишонтира олишидир.

Қисқаси, Хосеп Гвардиола “Манчестер Сити”даги сўнгги кунлари арафасида ўз ворисига оддий, аммо жуда муҳим маслаҳат берди: ўзинг бўл. Пеп кетмоқда, аммо клуб унинг ўрнига келадиган мураббийни ҳам қўллаб-қувватлашга тайёр. Энди “Сити”да янги саҳифа очилади — савол шундаки, бу саҳифани ким ва қандай услубда ёзади?

"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Shuhrat Razzakov
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Мавзуга оид янгиликлар

Маълумот Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.