Конрад Лаимер Ули Ҳоэнесснинг танқидларига ҳазил билан жавоб қайтарди

Бавария Германия кубоги финалида ВфБ Стюттгарт устидан 3:0 ҳисобида ғалаба қозониб, "олтин дубл"ни расмийлаштиргач, жамоа ярим ҳимоячиси Конрад Лаимер ажойиб кайфиятда журналистлар билан суҳбатлашди. Допинг-назорат хонасида узоқ қолиб кетган австриялик футболчи кийиниш хонасидаги байрам тантаналарига улгурмаган бўлса-да, клуб фахрий президенти Ули Ҳоэнесс билан боғлиқ вазиятга ҳазил аралаш муносабат билдирди. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Аввалроқ Ули Ҳоэнесс Чемпионлар лигаси ярим финали олдидан Лаимернинг маош борасидаги талабларини очиқчасига танқид қилиб, уни юқори баҳолашини, аммо у "Марадона эмаслигини" таъкидлаган эди. Маълумотларга кўра, 28 ёшли футболчи амалдаги 10 миллион евролик маошини 15 миллион еврога кўтаришни истамоқда. Лаимер эса бу борада шундай деди: "Ули билан ҳар доим бир тўлқинда бўлганмиз, бу муаммо эмас. Мен ҳали ҳеч нарса сўраганим йўқ, лекин кўрамиз, воқеалар ривожи қандай кечар экан".
Футболчи Мюнхен клубида ўзини бахтли ҳис қилаётганини ва жамоа билан яна кўплаб соврунлар ютиш ниятида эканини билдирди. Шартномани узайтириш борасидаги музокаралар давом этаётган бир пайтда, у янги битим қачон имзоланиши ҳақида аниқ маълумот бермади. "Футболда ҳамма нарса тез ўзгаради. Балки эртага, балки Жаҳон чемпионатидан кейин имзоларман", — дея қўшимча қилди ярим ҳимоячи.
Суҳбат якунида Конрад Лаимер ўзининг молиявий талаблари ошиши мумкинлигига шама қилиб, кулги кўтарди. "Балки Австрия терма жамоаси билан Жаҳон чемпионатида ғолиб чиқармиз — у ҳолда менинг нархим янада қимматлашади", — дея ҳазил қилди Бавария юлдузи.













