Сколари нима учун Олтин тўп сўровномаларида Лионель Месси учун овоз бермаган?

Сколари нима учун Олтин тўп сўровномаларида Лионель Месси учун овоз бермаган?

Португалия терма жамоасининг собиқ бош мураббийи Луиз Фелипе Сколари Криштиано Роналдо ва Лионель Месси ўртасидаги абадий рақобат ҳақида тўхталиб, нима учун доим португалиялик юлдузни танлаганини ўзига хос тарзда тушунтириб берди. Сколари 2003-йилдан 2008-йилгача Португалия терма жамоасини бошқарган даврида Роналдо билан нафақат профессионал, балки ота-ўғил каби яқин муносабат ўрнатганини таъкидлади. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.

Сколари "Абре Аспас" дастурига берган интервюсида Лионель Месси билан бўлган қизиқарли суҳбатни эслади. "Месси менга: 'Мураббий, сиз Олтин тўп учун ҳеч қачон менга овоз бермагансиз, доим Криштианони танлагансиз', деди. Мен эса унга: 'Мен Криштианога овоз беришим керак, у мен учун ўғлимдек гап', деб жавоб бердим. Месси — туғма даҳо. У кўзларини юmsа ҳам тўп қаердалигини билади. Криштиано эса даҳо бўлиб туғилмаган, у ўз иродаси ва меҳнатсеварлиги билан даҳо даражасига кўтарилган", — дейди бразилиялик мутахассис.

Мураббий Роналдонинг Манчестер Юнайтеддаги илк йилларида намоён этган ўта кучли меҳнатсеварлигини ҳам ёдга олди. Сколарининг айтишича, ўша пайтларда Сир Алекс Фергусон унга тез-тез қўнғироқ қилиб, ёш ҳужумчининг машғулотларда ўзини ҳаддан ташқари толиқтириб юбораётганидан хавотир билдирган. Фергусон: "Сколари, унга айт, бугун жарима зарбаларини машқ қилмасин, у бу ерда аллақачон 30 марта тепиб бўлди", деб айтарди. Аммо Криштиано терма жамоага келиб ҳам яна қўшимча машқ қилишни тўхтатмас эди.

Шунингдек, Сколари Криштиано Роналдо фаолияти давомида 1000 та гол уриш маррасини забт этишига ишонишини билдирди. У бир йил аввал футболчи билан учрашганида бу ҳақда сўраганини ва Роналдонинг камтарлик билан рад этишига қарамай, унинг кўзларида ушбу мақсадга бўлган интилишни кўрганини айтди.

Суҳбат давомида Сколари Роналдонинг отаси Динис Авеиро вафот этганида бу хабарни футболчига қандай етказгани ҳақидаги ҳиссиётли хотирани ҳам сўзлаб берди. Москвадаги муҳим ўйин олдидан содир бўлган ушбу воқеада Роналдо уйига кетиш имконияти бўлса-да, терма жамоа учун майдонга тушишни афзал кўрган. Айнан шу воқеа мураббий ва футболчи ўртасидаги дўстликни янада мустаҳкамлаган.

"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Nodirbek Razzokov
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Мавзуга оид янгиликлар

Маълумот Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.