Ҳасан Салиҳамидзик Бавария Гарри Кейн ўрнига бошқа ҳужумчини олиб келиши мумкин бўлганини айтди

Бавария клубининг собиқ спорт директори Ҳасан Салиҳамидзик жамоанинг Гарри Кейн трансфери бўйича олиб борган музокаралари тафсилотларини очиқлади. Унинг сўзларига кўра, Роберт Левандовски 2022-йилда жамоани тарк этиши маълум бўлгач, клуб раҳбарияти унинг ўрнини босувчи муносиб номзодларни қидиришни бошлаган. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Салиҳамидзикнинг таъкидлашича, Гарри Кейн бошидан асосий мақсад бўлган, бироқ ўша пайтда Тоттенхем ўз юлдузини қўйиб юборишни истамаган. Шу сабабли, мюнхенликлар муқобил вариантларни кўриб чиқишга мажбур бўлишган. Номзодлар орасида Эрлинг Холанд ҳам бор эди, аммо норвегиялик ҳужумчи Боруссия Дортмунддан сўнг Манчестер Сити клубини танлади.
Килиан Мбаппе варианти ҳам муҳокама қилинган, бироқ молиявий жиҳатдан бу трансфер Бавария учун имконсиз бўлиб чиққан. Салиҳамидзикнинг айтишича, PSJ юлдузининг маоши ва трансфер нархи клуб бюджетига тўғри келмаган. Натижада, 2022-йилда Ливерпулдан Садио Мане сотиб олинди, аммо у Мюнхенда ўзини кўрсата олмади.
2023-йилнинг апрель ойида Бавария раҳбарияти Лондонга бориб, Гарри Кейннинг оиласи билан учрашган. Салиҳамидзик футболчининг отаси ва акаси билан жуда ижобий суҳбатлар ўтказилганини эслади. Гарчи спорт директорининг ўзи трансфер якунланишидан олдин истеъфога чиқарилган бўлса-да, у Кейн жамоа учун энг тўғри танлов бўлганини таъкидлади.
Якунда Бавария Гарри Кейн учун 95 миллион евро тўлади. Салиҳамидзикнинг фикрича, жамоага ҳар доим ўйин тақдирини ҳал қила оладиган, худди Гиоване Элбер ёки Роберт Левандовски каби кучли марказий ҳужумчи керак эди ва Кейн бу вазифани аъло даражада уддаламоқда.













