Миккй ван де Вен Тоттенхемнинг омадсиз мавсумидан ғазабда

Миккй ван де Вен Англия Премер-лигасида жон сақлаб қолиш учун курашган Тоттенхемнинг жорий мавсумдаги натижаларидан кескин норозилигини билдирди. Роберто Де Зерби қўл остида сўнгги турда лигада қолишни уддалаган жамоанинг вақтинчалик сардори клубнинг ички чемпионатдаги иштирокини "қабул қилиб бўлмас" ва "шармандали" деб атади. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Тоттенхем мавсумнинг сўнгги кунида Эвертон устидан қозонилган 1:0 ҳисобидаги ғалабадан сўнг элитада қолишни таъминлади. Роберто Де Зерби чўкаётган кемани қутқариб қолишга муваффақ бўлди. Спурс дастлабки 31 ўйинда бор-йўғи етти марта ғалаба қозонган эди, бироқ италиялик мутахассис бошқарувидаги дастлабки етти ўйинда қайд этилган учта ғалаба ва икки дуранг жамоани лигада олиб қолди.
Жароҳат олган Кристиан Ромеро ўрнига сардорлик боғичини таққан Миккй ван де Вен BBC нашрига берган интервюсида ўз ғазабини яширмади. "Мавсумнинг сўнгги ўйинида жон сақлаб қолиш учун майдонга тушишимизни асло қабул қилиб бўлмайди. Бу клубда ажойиб футболчилар бор. Вазиятни сўнгги турга қадар олиб келиш шармандалик эди, лекин биз буни уддаладик ва асосийси шу", — деди ҳимоячи.
Учрашувдаги ягона гол муаллифи Жоау Палиньи ҳам ўз фикрлари билан ўртоқлашди. Португалиялик ярим ҳимоячи танаффус арафасида дарвоза устунидан қайтган тўпни дарвозага жойлаб, жамоасига муҳим ғалабани келтирди. У Роберто Де Зерби бошчилигида жамоа кўрсатган матонатни алоҳида эътироф этди.
Тоттенхем раҳбарияти келгуси мавсумда бундай фалокатли натижалар такрорланмаслиги учун таркибни тубдан ислоҳ қилишни режалаштирмоқда. Жамоанинг асосий таянчи бўлган Миккй ван де Вен барча мусобақаларда, жумладан Чемпионлар лигаси доирасида 45 та ўйинда майдонга тушиб, 7 та гол ва битта ассист муаллифига айланди.













