Шенжоу-23 космик кемаси орбитага янги илмий тажрибаларни олиб чиқади

Шенжоу-23 космик кемаси орбитага янги илмий тажрибаларни олиб чиқади

Хитойнинг Шенжоу-23 бошқариладиган космик кемаси мамлакатнинг орбитал станциясига тўққизта муҳим илмий тажрибани етказиб беради. Ушбу миссия доирасида Хитой космик станциясида илк бор перовскит қуёш элементларидан фойдаланиш бўйича динамик тажриба ўтказилиши режалаштирилган. Тадқиқотда икки турдаги материаллар — бир ўтишли перовскит ва тандемли қуёш элементлари синовдан ўтказилади. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.

Хитой Фанлар академияси Космик технологиялар маркази илмий ходими Тсан Хуайсиннинг тушунтиришича, ушбу тажриба экстремал шароитларда перовскит материалларининг хусусиятлари ва уларнинг ишдан чиқиш механизмларини ўрганиш имконини беради. Бу келажакда паст орбитали сунъий йўлдошлар, узоқ космосни тадқиқ қилиш ва ой базалари учун юқори самарадорликка эга, арзон ва енгил фотоэлектр технологияларини яратишга хизмат қилади.

Дастурнинг яна бир муҳим қисми орбитада илк бор гуручни икки авлод давомида узлуксиз етиштириш тажрибасидир. Бу агротехнология бир вегетация даврида битта майдондан кетма-кет икки марта ҳосил олишни кўзда тутади. Шунингдек, беш ой давом этадиган очиқ космос таъсирини ўрганиш доирасида нанозимлар ва актиномицетлар каби намуналар ҳам тадқиқ қилинади.

Нанозимлар наноматериаллардан тайёрланган сунъий ферментлар бўлса, актиномицетлар табиий антибиотикларни синтез қилувчи ноёб бактериялардир. Орбитага етказилаётган барча намуналар ва қурилмаларнинг умумий оғирлиги тахминан 54 килограммни ташкил этади. Мазкур тадқиқотлар космосда ҳаётий ресурсларни ишлаб чиқариш ва янги энергия тизимларини шакллантиришда муҳим қадам бўлади.

"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Abror Shuhratov
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Мавзуга оид янгиликлар

Маълумот Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.