Хитойлик олимлар қуёш панеллари самарадорлигини 33 фоизга етказди

Хитойлик олимлар янги авлод қуёш панелларини яратиш йўлида улкан қадам ташладилар: улар фойдали иш коэффициенти (ФИК) 33 фоиздан юқори бўлган перовскит-кремнийли қуёш элементини ишлаб чиқишга муваффақ бўлишди. Лойиҳада Хитой Фанлар академияси қошидаги Нингбо саноат материаллари ва муҳандислик институти (НИМТE), Сучжоу ва Тайчжоу университетлари мутахассислари ҳамда С.C Эхакт Эқуипмент Ко. компанияси иштирок этди. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Технологиянинг асосий ғояси оддий кремний ва перовскит қатламини бирлаштиришдан иборат. Бундай “тандем” қуёш элементлари энергетика келажаги ҳисобланади, чунки улар анъанавий кремнийли панелларга қараганда бир хил майдондан сезиларли даражада кўпроқ энергия олиш имконини беради. Узоқ вақт давомида бундай элементларнинг асосий муаммоси кремний асосининг конструкцияси билан боғлиқ эди.
Ёруғликни яхшироқ тутиш учун кремний юзаси ғадир-будур қилинади ва микроскопик “пирамидалар” билан қопланади. Бироқ айнан шу тузилмаларнинг учида перовскит қатлами нотекис ётиши оқибатида ток сизиб чиқиши ва барқарорлик пасайиши кузатилар эди. Хитойлик тадқиқотчилар “селектив пассивация” усули орқали ушбу муаммони ҳал қилишди. Полистирол шарчалар ёрдамида кремний пирамидалари учига алюминий оксидидан ўта юпқа ҳимоя қатлами суртилди.
Натижада рекорд даражадаги самарадорликка эришилди. Таққослаш учун, оддий серияли панелларнинг ФИК кўрсаткичи 20–23% атрофида бўлса, энг яхши тижорий ечимлар 24% ни ташкил этади. Янги батарея чидамлилик борасида ҳам яхши натижа кўрсатди: 1000 соатлик узлуксиз ишдан сўнг унинг самарадорлиги 90% даражасида сақланиб қолди. Энг муҳими, ушбу технология мавжуд саноат линияларига мос келади, яни ишлаб чиқарувчилар заводларни бутунлай қайта қуришларига ҳожат қолмайди.













