Абу-Даби ва Тошкент ўртасида парвозлар расмий равишда тикланади

Фуқаро авиацияси агентлиги (Ўзавиация) Бирлашган Араб Амирликларининг “Etihad Airways” авиакомпаниясига Ўзбекистонга мунтазам қатновлар амалга ошириш учун рухсатнома тақдим этди.
Рухсатнома 1998-йил 17-ноябрдаги Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги ҳукуматлараро ҳаво қатнови тўғрисидаги битим асосида берилган ва Абу-Даби – Тошкент – Абу-Даби йўналишини қамраб олади.Маълумотларга кўра, парвозларда Airbus А320-232/251Н ҳамда А321-231/251НХ самолётлари фойдаланилади.
Ушбу қарор икки мамлакат орасидаги авиация алоқаларини мустаҳкамлаш ва халқаро авиаташишни кенгайтириш йўлида муҳим қадам ҳисобланади.Экспертлар фикрича, Etihad қатновлари ишбилармонлик, туризм ва маданий алмашинувни рағбатлантириши мумкин; бу эса йўловчилар учун янги имкониятлар ва транзит боғланишларини яратади.Шунингдек, янги йўналиш маҳаллий ҳаво бандарлари ва сайёҳлик хизматлари учун рақобатни кучайтириб, нарх ва сифат бўйича фойдали ўзгаришларга сабаб бўлиши эҳтимоли бор.













