Ўзбекистон паспорти Henley рейтингида яна кўтарилди

Ўзбекистон паспорти халқаро рейтингда ўз ўрнини янада мустаҳкамлаб бормоқда. “Henley Passport Index”нинг 2026 йил учун янгиланган маълумотларига кўра, Ўзбекистон 74-ўринга кўтарилиб, фуқаролари 59 та давлатга визасиз кириш имкониятига эга бўлди.
Паспорт мавқеи босқичма-босқич яхшиланмоқда
Маълумотларга кўра, 2023 йилда мамлакат 85-ўринда турган бўлса, 2024–2025 йилларда 80-ўринга чиқди. Эндиликда эса яна 6 поғона юқорилаб, 74-ўринни эгаллади. Сўнгги 2,5 йил ичида умумий ўсиш 11 поғонани ташкил этмоқда — бу эса ижобий динамикани кўрсатади.
Марказий Осиёдаги ҳолат
Минтақа давлатлари орасида Қозоғистон паспорти нисбатан кучли позицияда бўлиб, 78 та давлатга визасиз кириш имконини беради. Қирғизистон эса Ўзбекистон билан бир қаторда 73–74-ўринларда жойлашган.
Тожикистон фуқаролари 53 давлатга визасиз кириб, 79-ўринни эгаллаган бўлса, Туркманистон паспорти 45 давлат билан 87-ўринда қайд этилган.
Россия ва қўшни давлатлар
Россия 113 та йўналиш билан 44-ўринда, Беларусь 58-ўринда, Озарбайжон эса 67 та давлат билан 66-позицияда жойлашган.
Дунё етакчилари
Рейтингда Сингапур биринчи ўринни эгаллаб, 192 та давлатга визасиз кириш имконини бермоқда. Шунингдек, Япония ва Жанубий Корея ҳам кучли учликдан ўрин олган — уларнинг фуқаролари 187 та давлатга визасиз саёҳат қилиши мумкин.
Етакчи давлатлар рўйхатида шунингдек БАА, Швеция, Бельгия, Дания, Финляндия, Франция, Германия, Ирландия ва Италия каби мамлакатлар ҳам бор.
Рейтинг охири
Энг паст кўрсаткич Афғонистон паспортига тегишли бўлиб, фақат 24 та давлатга визасиз кириш имконияти мавжуд. Шунинг орқасидан Сурия, Ироқ, Яман, Покистон, Сомали, Шимолий Корея, Непал, Бангладеш, Эритрея, Шри-Ланка ва Фаластин каби давлатлар жой олган.













