Ўзбекистон мерганлари халқаро мусобақада олтин медаль олди

Фото: Мудофаа вазирлиги
Туркияда ўтказилган VI Халқаро \"Энг илғор мерганлар жамоаси\" мусобақасида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги жамоаси биринчи ўринни эгаллади. Беллашув 10–21 май кунлари Испарта шаҳридаги \"Коммандос\" тоғ-ўқув машқлари марказида бўлиб ўтди.
Мусобақада 13 давлатдан 24 та жамоа иштирок этди. Ўзбекистон, Туркия, Туркманистон, Покистон, Косово, Озарбайжон, Италия ва бошқа давлатлар ҳарбийлари турли мураккаб шартлар бўйича куч синашди.
Иштирокчилар \"Жанговар отиш\", \"Юқори аниқликда отиш\", \"Тунда номаълум масофага ўқ отиш\" ва \"Ҳаводаги вертолётдан отиш\" каби синовларда маҳорат кўрсатди.
Ҳал қилувчи босқичда Ўзбекистон мерганлари вазифаларни белгиланган вақтдан олдин, юқори аниқлик ва тезкорлик билан бажарди. Натижада жамоа хорижий армиялар орасида биринчи ўринни қўлга киритиб, олтин медаль билан тақдирланди.
Ўзбекистон жамоаси ушбу мусобақада 2024, 2025 ва 2026 йилларда кетма-кет чемпион бўлди. Бу натижа ҳарбийларимизнинг тайёргарлиги ва жанговар маҳорати юқори эканини яна бир бор намоён қилди.













