Наманган тарих ёзди: Гуллар фестивали Гиннес рекордига кирди (видео)

Бугун, 24 май куни Наманган шаҳрида 65-Халқаро Гуллар фестивали тантанали равишда старт олди. Анъанавий байрам бу йил ҳам ўзининг кўлами ва бетакрор манзаралари билан ажралиб турмоқда. Фестивал 12 июльга қадар давом этади ва шу давр мобайнида шаҳар ҳақиқий гуллар масканига айланади.
Тадбир олдидан Наманган бўйлаб улкан ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Хусусан, 150 миллион тупдан ортиқ гул кўчатлари экилиб, кўчалар, хиёбонлар ва дам олиш масканлари ранг-баранг либосга бурканди. Айниқса, Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги боғ ҳудудида бир ой давомида қарийб 30 миллион дона гул экилгани эътиборга лойиқ.
Айнан шу натижа Наманганга тарихий ютуқни тақдим этди — шаҳар “жамоа бўлиб бир ой давомида энг кўп экилган гуллар” йўналишида Гиннес рекордини ўрнатди. Махсус сертификат Гиннес рекордлари вакили Шейда Субаси томонидан Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқовга тантанали тарзда топширилди.
Эндиликда Наманган дунёдаги саноқли шаҳарлар қаторига кириб, ўз номини Гиннес рекордлар китобига муҳрлаб қўйди.
Фестивал доирасида эса маданий тадбирлар ҳам авжида. Таниқли хонандалар саҳнага чиқиб, ташриф буюрувчиларга унутилмас лаҳзалар туҳфа этмоқда. Ранг-баранг концерт дастурлари, куй-қўшиқлар ва байрамона муҳит меҳмонларга кўтаринки кайфият улашмоқда.













