13:33 / 06.09.2016
80 690

Охунжон Мадалиев: сирли ўлимми ёки тасодиф?

Охунжон Мадалиев: сирли ўлимми ёки тасодиф?

Ҳалқимиз ардоқлаб, қўшиқларини ёд олган, ширали овози билан дилларга ўзгача ҳарорат бахш этган хонанда Охунжон Мадалиевнинг вафотига мана роппа-роса 15 йил бўлган бўлсада, унинг аянчли қисмати ва сирли ўлими ҳақида ҳануз турли гап-сўзлар юрибди. Кимдир у дейди, кимдир бу… Хуллас, бирортасида асосли бир далил йўқ. Ҳеч бири истеъдодли ҳофизнинг ўлимига гувоҳ бўлмаган, аммо кимдандир эшитганига қўшиб, “дуруст”гина ҳикоя қилиб беришга уста. Бугун яна ўтмишга қайтиб, худди шу мавзуга нуқта қўйиш мақсадида, кичик таҳлил олиб боришга ҳаракат қиламиз. Қисқаси бунга аниқлик киритамиз.

2000 йил ёз ойларининг илиқ кунлари… Фарғонадаги об-ҳаво инжиқликлари ҳеч кимни аямас эди. Ўша дамларда Охунжон Мадалиев ҳам, тўй хизматлари ҳам ижод қилиш билан тинмасди. Ўша йилнинг 27 июн куни уни Тошкентда бўлиб ўтадиган катта тадбирга таклиф қилишди. Ҳамиша ширин суҳбатлари билан журналистлар ҳурмат ва эътиборини қозонган Охунжон матбуот ходимлари байрамида ҳам уларни соҳирнафас овози ва дилкаш қўшиқлари билан хушнуд этишга етиб келди.

Бироқ, зарур иши борлиги учунми иккитагина қўшиқ куйлаб, яна ортига қайтди. Ҳамма бу ноодатий ҳолатдан ажабланиб қолди. Ахир у ҳамиша мухлисларини кўнглини кўтаришга интилар эди-ку? Бу орада эса телевединиега ўтиб “Ассалом Ўзбекситон” кўрсатуви учун ҳам қўшиқ тақдим этиб қайтишни жоиз топди. Чунки анча вақтдан буён айни шу дастурга таклиф этишар эди. Тошкентга келганида унда ҳам иштирок этмай, кейинги кунларга қолдиргиси келмади. Орадан икки кун ўтгач эса яна тўйга чақиришган. Албатта, сўз бергани учун ҳам бориши лозим! Лекин ўша кун яъни 29 июн кечки пайт яқинлашавергач, унинг юраги безовталана бошлади. Гўё қандайдир куч унинг йўлга отланишига тўсқинлик қилишга уринарди. Ўзининг ҳам ҳеч ўша тўйга боргиси келмасди…

ОЁҒИ ТОРТМАГАН МАНЗИЛ СЎНГГИСИ БЎЛДИ

Бироқ Охунжон ҳеч қачон бировга сўз бериб, кейин қандайдир баҳона билан ундан узр сўраб, танг аҳволда қолдиришни жуда-жуда ёқтирмас эди. Нима бўлган тақдирда ҳам сўзининг устидан чиқарди. Бу гал ҳам унга амал қилиб, тўйга борди. Ҳамманинг юз-кўзида қувонч балқиди, ахир севимли хонанда уларга хониш қилиш учун атайин узоқ йўл босиб келди. Тумонат одам йиғилган. Ўзи Охунжон қай бир тўйга бормасин, унинг келишини эшитган бутун қишлоқ аҳли йиғилар эди.

Охунжон одатдагидей тўй бошидан даврани қизитиб қўшиқларини куйлай кетди. Соат тунги ўн бирлар атрофи, ҳофиз қўшиқни берилиб айтаётган кезда бирдан юрагини чангаллаб, йиқилиб қолди. Ҳамма, сукут сақлаб муз бўлиб қотиб қолди. Нима бўлаётганига ҳеч ким тушунмас эди. Чолғучилардан бири дарҳол югуриб келди-да, юзига сув сепди, “Тез ёрдам” чақиришларини айтиб қичқирди. Атрофдагилар бундан карахт бўлиб қолишганди.

Эртаси куни бу шумхабар бутун республикага тарқалиб кетди. “Охунжон Мадалиев кечаги тўйда хизмат қилаётиб, юраги тўхтаб қолиб вафот этибди…”

ҲОФИЗ ЎЛИМИДА ҚАНДАЙ СИР БОР?

Ана шундан сўнг Охунжон ўлими тўғрисида турли хил гап-сўзлар тарқала бошланди. Улар тўйхонада ҳофизга суиқасд уйиштирлган деган хулосага келадилар. Бу кенг омма орасида тарқалгач деярли ҳамма бунга ишониб қолади. У ким томонидан амалга оширлгани ҳам келинган хулосага қараб тахмин қилина бошланади. Лекин ҳеч ким аниқ бир гапни айта олмас эди. Чунки бўлиб ўтган воқеани кимдандир фақатгина эшитишган. Ҳамманинг кўнглига ғулғула солиб қўйган бу миш-мишлар жасадни ёриб кўриш ва текширишга даъват этди.

Аммо, майитнинг танасидан ҳеч қандай шубҳали нарса топилмади. Шифокорлар эса биргина хулосага келишди (буни мақола сўнгида билиб оласиз). Шунда ҳам ҳофизнинг мухлислари тинчишмади. Улар қандайдир сир борлигига юрак-юракдан ишонишар эди.

ТЕЛЕФОНДАГИ СУҲБАТ БАРИГА ОЙДИНЛИК КИРИТДИ

Ҳофизнинг укалари Шерали акага сим қоқдик.

– Ало-оо…

– Ассалом-у, алайкўм Шерали ака, яхшимисиз? Узр сизни безовта қилдик.

– Раҳмат… сизни танимай турибман…

(Ўзимизни таништириб, сўнг мақсадга кўчдик.)

– Сиз болалигингиздан Охунжон ака билан бирга ўсиб улғайгансиз. У киши ҳақида барча маълумотларга эга бўлсангиз керак?


– Ҳа, тўғри айтасиз. Мен ҳамиша акам билан бирга юриб, ёшлигимдан у кишига ҳамроҳлик қилардим. Ҳатто, эл таниб катта тўй ва тадбирларда ҳам иложи борича бирга боришга ҳаркат қилганман. Деярли ҳар доим бирга юрганимиз учун дилидаги гапларни менга тортинмасдан айтар эди. Кўнгли бироз безовта бўлса, дарров суриштириб кетар эдим.

– Охунжон ака гарчанд ҳеч қандай касалликка чалинмаган бўлсалар-да, бирдан вафот этишлари ҳанузгача ҳаммани таажжубга солмоқда.

– Аслида, уни биз яъни мухлислар ўлдирдик.

– Очиқроқ гапирсангиз?

– Агар хабардор бўлсангиз, мамлакатимиз мустақилликка эришмаганидан олдин, адашмасам 1987 йиллар… ўшанда турли жанжаллар, тортишувлар бўлган эди. Ўша йиллари санъаткорлар жуда саноқли эди. Бугун-чи… Бизни тўйга чақиришганида, агар у-бу нарса бўлиб, бора олмайдиган бўлиб қолсак келиб шунақа “қисташар” эдики, охири боришга тўғри келар эди. Ўшанда Охунжоннинг аҳволига ҳам эътибор беришмаган. У чарчаганми ёки бироз бетобми бунинг тўй эгасига қизиғи йўқ эди. “Мен тўйга ният қилганман бормасалар шарманда бўламан. ” деб туриб олар эди. Кейин Охунжон ҳам бир сўзли йигит эди. Ҳеч кимни раъйини қайтармас эди.

Кечаю кундуз тўйда хизмат қилиши, олис йўлларда юриши, турли ташвишлар уни ич-ичидан сиқиб юрган. Буни мен сезардим, бироқ у соғлиғи ҳақида очиқ гапирмас эди. Айнан мана шу ташвишли кунлар уни чарчатиб қўйди. 2000 йилнинг 29 июни… Ўша маъшум кунда бирдан инфарктга учраши илк бор юз бермаган…(бироз сукут сақлаб). Бундан олдин ҳам у худди шундай воқеани бошидан ўтказган бироқ, буни ҳаммадан сир тутган.

– Ўшанда сиз ҳам пайқамаганмидингиз?

– Йўқ, мен сезгандим, фақат бироз вақтдан сўнг. Орадан анча вақт ўтди “ҳаммасига изига тушди-ку”, деб, шифокорга учраб даволанмади ҳам. Уни мухлислари ҳамиша саҳнада соғинишар, фақат ундан янги қўшиқ, янги концертни интизорлик билан кутишар эди. Охунжон эса ижодга бутун борлиғини бериб, ўз соғлиғига эътибор бермай юрди. Оқибатда… ( суҳбатдошимизнинг овозлари ўзгариб, жим бўлиб қолдилар, дарҳол гапни бошқа мавзуга буришга ҳаракат қилдик. )

– Акангизнинг қай жиҳатларини қадрлайсиз?

–Унинг самимий ва камтаринлигини қадрлайман. Илоҳим, Яратган унинг умрини фарзандларига улашган бўлсин. Ҳар йили 21 май куни Охунжонинг ўзи қурдирган дам олиш масканида концерт дастурини ташкил этамиз. Биз тадбирга эълон бериб, мухлисларни чақирмаймиз, балки уларнинг ўзлари келишади.Турли вилоятлардан тумонат одам йиғилганини кўриб, акам ҳали ўлмаган у ҳали тирик қўшиқларининг ҳар айтган сўзларидаги нафасида яшаётганлигини ҳис қиламан.

– Раҳмат, Суҳбатингиз учун ташаккур. Хайр саломат бўлинг!

Дарвоқе, ўшанда ҳофиз жасадини ёриб кўрган мутахассислар ҳам Шерали ака айтган хулосага келишган эди.

Инсоният ва табиат вужудга келибдики, яралиш ва кун келиб сўниш деган тушунчалар мавжуд. Демакки, ҳар кимнинг тақдири турлича… Бир замонлар қисқа умри давомида минг йиллик тарихга из қолдирган боболаримиз сингари, Охунжон Мадалиев ҳам ўзининг ўчмас номини мухрлаб кетди.


Манба: diydoraziz.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Охунжон Мадалиев: сирли ўлимми ёки тасодиф?