16:40 / 14.07.2017
9 051

Қўл телефонидан фойдаланиш тартибини биласизми?

Қўл телефонидан фойдаланиш тартибини биласизми?
Замонавий техник воситалардан бири бўлган мобил алоқа аппарати, яъни қўл телефони бугунги кунда фақат узоғимизни яқин қилиш учунгина эмас, балки бошқа фойдали жиҳатлари билан ҳам аҳолининг барча қатламига маъқул келган. Замонавий энг сўнгги русумдаги қўл телефонларининг имкониятлари чексиздир. Биргина аппарат ёрдамида суратга олиш, видеотасвирга тушириш, овоз ёзиш, интернетга уланиш, маълумот йиғиш ва тарқатиш функциялари деярли барча соҳа ходимларининг оғирини енгил қилди.

Масалан, журналист учун замонавий қўл телефони диктофон, фотоаппарат, видеокамера ўрнини боса оладиган беқиёс ёрдамчига айланган. Жамоат транспорти ҳайдовчилари ҳам мазкур аппарат ёрдамида рейслар орасидаги масофа ва вақт тафовутини белгилашда фойдаланадилар. Барча турдаги тўловларни амалга оширишда ҳам қўл телефонининг ўрни беқиёс.

Замонавий муҳандислик тизими тавсия этаётган мазкур қулайликларнинг барчаси одамлар оғирини енгил қилиш, турмуш фаровонлигини ошириш мақсадларига қаратилган. Аммо қўл телефонидан фойдаланишнинг ўзига яраша тартиби мавжудки, уларни билиб қўйиш фойдадан холи бўлмайди. Масалан, нотаниш одамларни ўзларининг рухсатисиз суратга олиш, тасвирга тушириш, овозини ёзиб олиш, ҳатто баъзи объектларда қўл телефонидан фойдаланиш умуман тақиқланади.

Жамоат транспортлари, театр, кинотеатр, музей, кутубхона, шифохона бинолари ичида қўл телефони орқали заруратсиз узоқ суҳбатлашиш ўта маданиятсизлик белгисидир.

Шунингдек, ўзингиз кўриб-билиб танишмаган одамларнинг қўл телефонига (ҳатто зарур бўлган ҳолатларда ҳам) қўнғироқ қилиш маданиятсизлигингизни билдиради. Қўл телефони эгаси ўзи рақамини сизга юбориб, қўнғироқ қилишингизни сўраши бундан мустасно ҳолат, албатта. Ўзингиз танимаган ва сизни танимаган одамлар билан мулоқот қилишнинг энг самарали усули бу юзма-юз кўришишдир.

Ўта зарурат юзасидан сизни танимаган киши билан қўл телефони орқали мулоқот қилишингиз лозим бўлса, суҳбат бошида ўзингизни таништиришингиз ва уни ортиқча безовта қилмаётганингизга амин бўлишингизни тавсия этамиз. Чунки суҳбатдошингиз айни пайтда мажлисда, бемор ёнида ёки яна бошқа бир зарур иш билан банд бўлиши эҳтимолдан холи эмас.

Бировнинг қўл телефони рақамини адашиб терган ҳолатингизда узр сўранг. Шуни унутмангки, сиз ихтиёрсиз равишда безовта қилган инсон оғир бетоб ёки тушкун кайфиятда бўлиши мумкин. Шундай вазиятда сизнинг қўполлигингиз ёки бефарқ муносабатингиз унинг дилини оғритади.

Манба: Qalampir.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Қўл телефонидан фойдаланиш тартибини биласизми?