11:20 / 12.10.2016
17 259

Аёлни қандай севиш керак? Эркаклар диққат билан ўқисин!

Аёлни қандай севиш керак? Эркаклар диққат билан ўқисин!

Эркак киши оилавий муносабатларда аёлларчалик талабчан эмас. Рисоладаги эркак севган аёлининг унча-мунча инжиқликларини кўтара олади. Бироқ баъзан “бу аёлга нима керак ўзи, нима қилсам чакаги ёпилади” деб ўйлаб қолишлари турган гап. Мақола ана шундай боши қотиб турган эркакларга мўлжалланган.

1. Бир-бирингиздан нима исташингиз аён бўлсин

Аёллар бор, эрига онадек ғамхўр, аёллар бор, ўла-ўлгунча ёш боладек эрка, аёллар бор, эрига худди дўст-ўртоқдек ва яна аёллар борки, Фармонбибидек ҳукмфармо. Хуллас, биз росса ҳар хилмиз. Сиз ёнингизда кимни кўришни истайсиз? Қайси турдаги аёл билан бир умр ҳаёт кечиришга тайёрсиз? Ана шу саволларга жавобингиз бўлиши керак. Аввал бошданоқ, бир-бирингиздан нима кутаётганингизни билсангиз, тушунмовчиликларнинг олди олинади. Оилавий зиддиятларнинг аксари жуфтлар бир-биридан кутганлари оқланмагани туфайли юзага келади. Ҳафсала пир бўлганидан ёмони йўқ. Шу сабабли бўлажак жуфтингиз билан келажак ҳақида самимий суҳбатлашиб олинг.

2. Қарорни сиз қабул қилинг!

Эркак киши аниқ-равшан фикрлайди, масъулиятни зиммасига ола билади, журъатли ва иродали. Аёллар туйғулар таъсирида хаёлларининг минг кўчасига кириб чиққунча эркак бир қарорга келади-қўяди. Албатта, унинг қарори муҳокама қилинмайди, айтдими, тамом, бажарилади дегани эмас бу. Шунчаки, аёллар узоқ ўйланиб, чўзилиб ўтирадиган эркакларни ёқтиришмайди.

Тавсия этилмайди:
- Дадаси, бугун бирон жойга бориб, овқатланайлик.
- Фарқи йўқ... Бугун мажлисдан кейин қаёққа истасанг олиб бораман, нимани айтсанг олиб бераман.

Тавсия этилади:
- Дадаси, бугун бирон жойга бориб, овқатланайлик.
- Жон дейман. Айтганча, бир янги ресторанни биламан, дўстларим мақташганди, ўша ёққа олиб бораман сени.

3. Огоҳлантирмасдан йўқ бўлиб қолманг.

Аёллар хавотир ва ваҳимага мойил бўлади. Шуни билиб туриб, кутилмаганда қўнғироқ ва SMSларига жавоб бермай қўйсангиз ҳамда одатдагидан кеч қоладиган бўлсангиз, табиийки, энг совуққон ва ақлли аёл ҳам “Нима бўлди экан? Машина уриб кетдимикан? Ё янги келган ходима кўзини суздимикан? Балки умуман бошқа хотини ҳам бордир-у, ҳозир у эримга ўғил туғиб бераётгандир...(кеееетди бу ёғи)” деб ўйлай бошлайди. Шу сабабли вақтинча алоқага чиқа олмасангиз ёки кеч қолаётган бўлсангиз, огоҳлантириб қўйинг. Унинг кўнгли, сизнинг эса қулоғингиз тинч бўлади.

4. Бузилган нарсаларни тўғрилашни билинг.

Тасаввур қилингки, бир уюм тозаланмаган сабзавотлар, суяк-саёқ гўшт ва ўт-ўланлардан бирор соат ичида аёлингиз уч хил мазали таом пишириб келса, кўнглингиз қандай яйрайди? Худди шундай, битта мих қоқиш ёки жўмракни тузатиб қўйиш орқали аёлингизнинг кўз ўнгида суперқаҳрамонга айланишингиз мумкин. “Қўлимдан келмайди, механик, дурадгор ё сантехникка қўнғироқ қил” деб ўтирманг, уриниб кўринг. Қўлида болға тутган ва уни ишлата билган эркак ҳар қандай аёлда ҳурмат ҳиссини уйғотади. Ягона муқобил вариант: “Менга қара, бу ишларга вақтим йўқ, пулнинг жойини биласан, олгин-да, янги унитазни устаси билан бирга буюртма қил, ортган пулга ўзингга битта туфли сотиб олсанг ҳам розиман”. Ана унда сиздан ўтадиган қаҳрамон бўлмайди дунёда. Фақат ҳамёнингиз шунга имкон берса. Акс ҳолда болға ишлатишни ўрганинг.

5. Айтмасидан билинг, сўрамасидан муҳайё қилинг.

Аёлларнинг кайфияти жуда ўзгарувчан, ҳар дақиқада янгиланиб туради. Аммо маълум муддат кузатиб, ёрингизни яхши билиб олсангиз, бу ўзгарувчанликдаги маълум қонуниятни илғаб оласиз. Масалан, об-ҳаво, ой кунлари ёки ғийбатлар таъсирида ўзгариши мумкин бўлган кайфиятни сиз ўта сезгир бир ускуна ўлароқ бошқариб боришингиз мумкин. Олайлик, аёл киши ҳайз олди кунлари жиззаки бўлиб қолади. Яна ширинликка (баъзилар аксинча, аччиқ, шўр нарсаларга) ўч бўлади. Демак, шу кунлари уйга у истаган нарсаларни олиб келиш, жанжал чиқаришга бўлган уринишларини эса ҳазил билан енгиб ўтиш талаб қилинади. Икки кунда ўтиб кетади бу ҳолат, аммо қанча кайфият бузилишию муносабатлар ёмонлашишининг олдини олган бўласиз. Баъзида эса шунчаки, “Онаси, нима бўлди, кайфиятинг йўқ? Қўй, менга соғлиғинг керак, кўп сиқилма. Муаммони айт, ҳал қиламиз” деган самимий ҳамдардлик, юпатиш сўзлари энг аъло шоколаддан ҳам яхшироқ таъсир қилади.

6. Шундай танқид қилингки, танқидга ўхшамасин!

Аёллар эрларини кўп танқид қилганлари билан, ўзлари танқидни ёмон кўрадилар. Муросаю мадора эса доим керак. Шунинг учун танқидни мақтовдан бошлайсиз. Аёлни обдан мақтаб, кейин “айрим жузъий камчиликлари” ҳақида гапириш керак.

7. Доим оз-оздан бўлса ҳам эътибор кўрсатиб туринг, эринманг!

Сизнингча, гул ортиқча ҳаражат, аммо аёлингиз уни яхши кўради. Уч ойда бир марта бўлсаям кутилмаганда уйга гулдаста кўтариб келинг. Вақти-вақти билан кичкина сюрпризлар қилиб туринг, масалан, ҳатто ўша рўзғорга керак супургини ҳам чиройли совға сифатида тақдим қилиш мумкин: “Эскиси сени жуда қийнаб қўйибди, онаси, янги супургида яйраб супургинг дедим-да”. Хуллас, ҳамма нарсани унинг учун қилаётганингизни сездиринг. Вақт ўтиши билан бу иш ўзингизга ҳам ёқа бошлайди.

8. Ташқи кўринишини мақтанг (бироз ёлғон ишлатсангиз ҳам майли)

Аёл доим мафтункор бўлиши керак. Бу исбот талаб қилмайдиган, ёшлигимиздан онгимизга сингдирилган ҳақиқат. Шу сабабли қизалоқлар ёшлигиданоқ кийим-кечакка ўч бўлади. Тушунаман, Сурия ва Украина инқирози, қимматбаҳо қоғозлар бозоридаги таранг аҳвол манзарасида унинг янги соч турмаги ва нақд тўрт соат давомида танлаган билагузугини пайқаш жуда мушкул. Аммо ҳаракат қилинг. Вақти-вақти билан навбатчи ширин сўзларни айтиб туринг, масалан, “бугун очилиб кетибсизми?” Бу хушомадингиз жуфтингизни кўнглини кўтариши, шубҳасиз! Унутманг, ҳар бир ўзгариш сизга ёқиш истаги ортидан амалга оширилади.

9. Ҳеч қачон қилмайдиган ишларингизни айтиб қўйинг.

Масалан, болани йиқитиб юборса ёки аллергиянгиз қўзғаб турганини билиб ҳам мошли ёки нўхатли овқат пиширса, бунга тоқат қила олмайсиз. Буни аввалданоқ билдириб қўйинг. Шунингдек, ҳеч қачон сумкангни кўтариб юрмайман, сен билан кийим-кечак олишга бозорга тушмайман, ота-онангникига борганда мендан узоқ ўтиришни талаб қилма, деган нарсаларни ҳам айтишга ҳаққингиз бор. Агар бир-икки марта шу ишларга мулозамат ёки одоб юзасидан кўз юмсангиз-у, кейин талабни қатъий қўйсангиз, аёлингиз унга нисбатан муносабатингиз ўзгарди, совиб қолди деган шубҳаларга боради. Шунинг учун (гарча 1-пунктнинг такрорига ўхшаб кетса ҳам) буни қатъий уқтиряпмиз.

Манба: Даракчи

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Аёлни қандай севиш керак? Эркаклар диққат билан ўқисин!