15:19 / 21.12.2016
8 261

Хонадонингизга 10 янги анъана орқали хурсандчилик олиб киринг!

Хонадонингизга 10 янги анъана орқали хурсандчилик олиб киринг!

Турмушимизда ҳар куни такрорланадиган воқеа-ҳодисалар бориб-бориб, одатга, анъанага айланиб қолади. Хусусан, дастурхон бошига келишдан аввал қўлларни ювиш, эрталаб ва уйқу олдидан тишларни тозалаш, уй остонасида пойабзални ечиш каби энг содда одатларимиздан тортиб, тўю ҳашам каби мурккаб анъаналаримизни ота-онадан ўрганиб, келажакда фарзандларга уқтирамиз. Аммо ҳар бир оиланинг ўзига яраша ёзилмаган қонунлари, урф-одат ва анъаналари борки, улар оиланинг мустаҳкамлигига, оила аъзоларининг бир ёқадан бош чиқаришларига ҳизмат қилади.

Ҳар бир оиланинг ўз анъанаси бор

Деярли барча оилада байраму маросимлар муносабати билан қавм-қариндошлар бир ерга жамулжам бўлишади. Бунинг учун ўша хонадонда байрам муносабати билан катта дастурхон ёзилади ва шу куни каттаю кичик ушбу хонадонга алоҳида таклиф кутиб ўтирмай, ўзи билиб келаверади. Чунки бу йиллар давомида шаклланган анъана. Ва шундай одатлар ҳар бир оилада мавжуд эканлиги, шубҳасиз.

Урф-одатларимиз турлича

Қўлдаги бармоқлар бир хил бўлмаганидек, ҳар бир оиладаги одатлар бир-биридан фарқ қилади. Шу боис ҳам хонадонга келин бўлиб тушган қизга оилавий урф-одатлар ҳақида батафсил гапириб бериш ва уларга мослашишда кўмаклашиш қайнона ва куёв боланинг зиммасидадир. Чунки келинчак отасининг уйида кўриб, амал қилган анъаналардан янги оиланики буткул фарқ қилиши мумкин. Ана шунда оиланинг янги аъзоси икки ҳар хил анъана орасидаги олтин ўрталикни англаб, унга амал қила билади.

Ҳаётий мисол

...Яқиндагина турмуш қурган икки ёш тақдир тақозоси билан ота-она ва қариндошларсиз алоҳида яшай бошлашди. Куёвнинг оиласида ким ишдан нечада қайтса, шу одам бир ўзи овқатланиб кетаверар, дам олиш кунларини ҳамма ўзи истаганча ўтказарди. Келин катта бўлган оилада эса ота ишдан қайтган вақт ҳамма дастурхон атрофида жам бўлиши ва дам олиш кунлари ҳамда байрамларни биргаликда ўтказиш одатга айланганди. Шунинг учун шанба-якшанба кунлари келиннинг қариндошлари келиб, улардан хабар олар ва бир-икки соат меҳмон бўлишарди. Бу эса куёвга сира ёқмасди. Нима учун кўчада кўришмай, доим уйимизга келаверишади, деган фикр унга тинчлик бермасди. Ахир, унинг ота-онаси ҳадеб келмаяпти-ку?! Ёш келинга эрининг бу тариқа фикрлаши эриш туюларди. У шундай муҳитда катта бўлгани, тарбия олгани боис, ўзини ҳақ, деб биларди.

Бу вазиятда ким ҳақу, ким ноҳақ? Иккиси ҳам ўзича тўғри. Ахир, улар ўрганган одатларига қарши чиқишолмайди-ку?! Аммо нима бўлганда ҳам бундай вазиятда муросаю мадорага бориш керак.

Ёш келин-куёв фарзандли бўлгач, вазият ўзгарди. Келин туғруқхонадан чиқди-ю, тоби қочиб яна шифохонага тушиб қолди. Чақалоқ парвариши ва уй-рўзғор юмушларини унинг қариндошлари ўз зиммаларига олишди. Хола чақалоққа энага бўлди, сингил эса шифохонага онанинг кўкрак сутини олиб келгани кунига тўрт маҳаллаб қатнади. Ишдан уйга қайтган куёвни саришта хонадон, тайёр иссиқ овқат ва тинч уйқудаги чақалоқ кутиб оларди. Вақт ҳаммасига даъво-да, яхши анъана барибир ўз “қадри”ни билдирди!

Янги анъаналар ўйлаб топамиз!

Келинг, биргаликда тасаввуримизни ишга солиб, оиламиз аъзоларини жамлайдиган ва хурсанд қиладиган кичик анъаналар, фақатгина ўз оиламизга тегишли урф-одатлар ўйлаб топамиз!

1. Ҳафтанинг бирор куни (имкон қадар иш кунларидан бири)ни “ноодатий кун” сифатида танланг. Шу санада жамики нарсалар ўзгача бўлсин! Масалан, ҳар куни тутадиган гулли, доғ тушса, билинмайдиган дастурхонингиз ўрнига меҳмонга аталган янги охорли дастурхон ва сочиқларни жавондан олиб, хонтахтани жавондаги чинни идишлар билан безатинг. Таомлар ҳам байрамона бўлсин! Бу, албатта, оила аъзоларингиз кайфиятига таъсир этиб, хонадон жипслигини таъминлайди.

2. “Жума кинотеатри”. Уйдагилар учун иш куни якунига атаб, ажойиб бадиий фильм ҳозирланг. Мазкур фильм “катталарбоп” саҳналардан ҳоли, барчага бирдек муносиб бўлиши керак. Болаларингизга янада қизиқ бўлиши учун баъзан “Жума кинотеатри”да мультфильмлар ҳам намойиш этишингиз мумкин.

3. “Шанба оқшоми”! Табиат қўйнига сайр, дала ҳовлидаги учрашувлар, оилабоши тайёрлаган кабоб, болалар билан биргаликда ўйнаш... Буларнинг бари фарзандларингизга оила даврасида вақт ўтказиш нақадар ёқимли эканлигини англатади. Ўзаро аҳил-иноқ бўлиш ҳамда кейинчалик бу анъаналарни давом эттириш ўртадаги меҳр-оқибатни асрашда қанчалик муҳим аҳамиятга эга эканлигини болалар ёшликданоқ билишлари зарур.

4. “Якшанба мусобақаси”. Ўйинни оилангиз қизиқишлари ва истакларидан келиб чиққан ҳолда танлашингиз мумкин. Лото, шашка, шахмат ва домино кабиларни ҳамма қизиқиб ўйнайди. Шу маънода кўнгилочар машғулотни уйдагиларнинг қизиқишидан келиб чиққан ҳолда танланг. Ҳа, айтганча, ўйин “ширинчой маросими”га уланиб кетса, янада ёқимли бўлади.

5. Таваллуд айёми! Оиладаги ҳар бир кишининг туғилган кунини алоҳида тайёргарлик ва қувонч билан қарши олишга одатланиш керак. Байрам сабабчиси қандай таомларни ёқтирса, шуларни пишириб, имкон қадар дастурхонни безатинг. Бу ўзгармас анъанага, шодиёна санага айланиб қолсин!

6. Қувончли ҳодисалар. Ҳаётимизда қувончли воқеа-ҳодисалар, шукрки, жуда кўп. Масалан, кимдир янги ишга жойлашади, хизмат поғонасидан юксалади, имтиҳонларни аъло баҳога топширади... Шунга ўхшаш ҳодисалар, албатта, байрам қилиш учун етарли асос бўла олади! Бундай шодликни қимматбаҳо ресторанларга бориб нишонлаш шарт эмас. Шинамгина кафеда оилавий ўтириб ёки уйда мазали таом ва ширинликлар пишириб ҳам қувониш мумкин.

7. Оилавий “Олимпия ўйинлари”. Қишнинг совуқ кунлари ҳамда ёзнинг жазирамасида қариндошларингиз билан дала ҳовли ёки шунчаки истироҳат боғида кўришиб оилавий “Олимпия ўйинлари”ни ўтказиб туринг. Бу жисмонан соғлом бўлишга, оиладагиларнинг умумий қизиқиш ва интилишлари пайдо бўлишига сабабдир. Ўйинларда барча бирдек иштирок эта олсин. Масалан, воллейбол, бадминтон, футбол, шашка кабилар айни муддао. Гуруҳларга бўлиниш ёдингиздан чиқмасин. Ғолиблар учун аввалдан совға тайёрлаб қўйишни ҳам унутманг!

8. “Уй юмушларини биргаликда бажарамиз!” Ҳар бир оилада ўғилу қиз фарзандлар улғайяпти. Кичик ёрдамчиларни рўзғор юмушларини бажаришга ўргатиш, оилада ҳар бир кишининг ўз ўрни ва вазифаси борлигини тушунтириш учун биргаликда ҳаракат қилган маъқул. Қизингизни уйларни саранжомлаш ва овқат тайёрлашга ўргатиб боринг. Ҳар куннинг бир соатини у билан биргаликда овқат тайёрлашга ажратинг. Ўғил бола эса, албатта, отасининг кўмакчиси бўлади. Рўзғорнинг оғир юмушлари, бозор-ўчарни ўрганишига имкон яратинг.

9. “Меҳмонга борамиз!”. Бир ойда камида икки маротаба бобо-бувилар, қариндошларникида меҳмон бўлиш ёки уларни уйда кутиб олишни одатга айлантиринг. Қариндошлар ва ёши улуғларнинг бир ерда жам бўлиши болаларга яқинларни эъзозлаш туйғусини ўргатади.

10. Аёллар, ўзингизга ҳам вақт ажратинг! Бир ойда бир марта бўлса-да, оиладаги хотин-қизлар ўзи учун вақт ва маблағ ажратиб, кўчада сайр қилиш, гўзаллик салонига бориш ёки шинамгина қаҳвахонада ўтириб, дам олиши лозим. Бундай кўнгилхушлик қайнона-келин ва она-бола ўртасидаги муносабатларни яхшилашга хизмат қилиши, шубҳасиз. Эркаклар ҳам шу куни худди сизларга ўхшаб, ўзлари ёқтирган машғулотлар билан банд бўлишсин.

Асосийси, анъаналар оиланинг ҳар бир аъзосига қувонч бағишласин. Ана шунда хурсандчилик ва бирдамлик хонадонингизни асло тарк этмайди!


arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Хонадонингизга 10 янги анъана орқали хурсандчилик олиб киринг!