09:32 / 15.07.2017
12 243

Имтиҳонда ҳаяжонланганда нима қилиш керак? Абитуриентларга зарур маслаҳат

Имтиҳонда ҳаяжонланганда нима қилиш керак? Абитуриентларга зарур маслаҳат
Катта ишлар олдидан ҳаяжонланиш ҳаммамизга таниш туйғу. Ёшларимиз ана шундай катта ҳаяжон бўсағасида турибди. Тест синови олдидан кўп ёшларни кучли ҳаяжон босади, уларга қўрқув ва иккиланиш баъзан халал бериши мумкин. Бунда ўз-ўзидан мутахассис маслаҳати ва йўл-йўриқларига муҳтож бўламиз. Психолог ­Наргиза ­ҒУЛОМОВАнинг тавсиялари бу борада абитуриентларга асқатиши аниқ.

Амал қилиш зарур
— Ҳаяжоннинг асосий сабаби синов ёки саволлардан бехабарлик ва тайёргарликнинг йўқлигидир, — дейди психолог. — Уни енгишнинг эса бир неча қоидалари мавжуд. Хусусан:

Пухта тайёргарлик — муваффақият гарови. Шунинг учун қайси фандан имтиҳон топширмоқчи бўлсангиз, мавзуларни яхшилаб ўқинг. Ўз кучига, билимига ишонч ҳаяжон ва қўрқувни бартараф этади. Атрофдаги гап-сўзларга умуман аҳамият берманг.

Ўзига ишонч — катта куч. Бу қобилиятни меҳнатингиз билан янада ривожлантирган бўлсангиз, билингки, ғалаба сиз тарафда.

Синов олдидан тўйиб ухлаб олинг. Тоза ҳавода сайр қилиш ҳам жуда фойдали. Бу организмнинг руҳий ва жисмоний ҳолатини яхшилайди.

Истеъмол қилаётган маҳсулотларингиз углевод ва оқсилларга бой бўлиши керак. Кўпроқ творог, сабзавотли шўрва, балиқ, товуқ гўшти, тухум истеъмол қилиш фойдали. Улар сизга тетиклик ва куч бағишлайди. Бу вақтда турли донли маҳсулотлардан тайёрланган бўтқалар ҳам фойдали. Имтиҳон олдидан шоколад бўлакчасини истеъмол қилишни унутманг. У антидепрессант бўлиб, миянинг фаол ишлашида ёрдам беради.

Бу ҳам муҳим!
Қулай кийиниш жуда муҳим. Имтиҳон куни танангизда эркин турувчи, табиий матодан тикилган кийимларни кийиш тавсия этилади. Тор, жуда калта, очиқ-сочиқ, синтетик матоли, тўқ рангли кийимлардан воз кечган маъқул. Қулай оёқ кийим танлашга ҳам аҳамият беринг.

Имтиҳондан бир кун олдин умуман китоб ўқиманг, дарс тайёрламанг. Бундан фойда йўқ. Ундан кўра, тоза ҳавода сайр қилинг, севимли машғулотларингиз билан шуғулланинг. Бу хотирадаги маълумотларнинг яхши сақланишига ёрдам беради.

Айрим абитуриентлар кундузи дам олиб, кечаси дарс тайёрлашни афзал кўради. Бу нотўғри усул. Кечки тўлақонли уйқу кундузги маълумотларни мияда яхши сақланишига ёрдам беради. Тўйиб ухламаслик паришонхотирликка олиб келади.

Оғзаки имтиҳонлар олдидан тай­ёргарлик кўринг. Жараённи тасаввур қилинг ва бирор бир мавзуда овоз чиқариб гапиринг. Бу нутқ равонлигига, тутилиб қолмасликка ёрдам беради.

Имтиҳон куни ҳаяжонингиз кучли бўлса, нафас машқини бажарсангиз ҳам бўлади. Бу жуда оддий: чуқур нафас олинг, бир неча сония нафасни ушлаб туринг, кейин аста-секин чиқаринг. Буни бир неча маротаба такрорланг. Кейин бор диққатингизни нафасга қаратинг. Бу машқ миядаги кераксиз ахборотларни чиқариб ташлашга ёрдам беради.

Имтиҳондан бир неча соат олдин мусиқа тинглаш ҳам стрессни енгиб, кайфиятни кўтаришга ёрдам беради. Фақат мусиқа шовқинлардан холи, ёқимли, сокин бўлсин.

Ўйлаймизки, юқоридаги тавсияларимиз сизга имтиҳонларда асқатади. Омад ёр бўлсин!

Феруза ФУЗАЙЛОВА ёзиб олди.

Манба: od-press.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Имтиҳонда ҳаяжонланганда нима қилиш керак? Абитуриентларга зарур маслаҳат