18:40 / 19.12.2016
11 471

Бир парча ердан 7 миллион даромад олган олтинкўллик деҳқонбобо

Бир парча ердан 7 миллион даромад олган олтинкўллик деҳқонбобо

Қишнинг қорли кунларида баҳор нафасини туйгингиз келса, миришкор деҳқон хонадонига боринг экан. Маҳалланинг ўртасидаги оддий хонадон иссиқхонасида худди кўклам нафаси кезаётгандек. Икки ярим сотихли иссиқхонадаги кўчатлар саноғи йўқ ҳосилнинг мўллигидан эгилиб турибди.

Андижон вилояти Олтинкўл туманидаги Офтобачек маҳалласида ҳар ўн хонадоннинг бирида мўжаз ердан яхши даромад олаётганлар жуда кўплиги қувонарли ҳол.

- Лимон кўчатларини экканимга беш йилдан ошди, меҳр берсанг бу лимон деганлари мевасини аямай берар экан,- дейди соқоллари ярашиб турган Набижон ота. – Саноқли кўчатлар жуда кўп мева қилиб, ўтган йили олти миллион сўм даромад олгандик. Бу йил етти миллионни кўзлаб турибмиз.

Миробод маҳалласидаги Одилжон Юлдашев хонадонига борганимизда боғбон етиштирган доривор неъматга харидор келган экан. Кичкинтой ўғли билан мева тераётган деҳқоннинг ҳосилига барака тиладик. Бир ярим сотих жойдаги 35 туп “Мир” навли лимон кўчати шиғил-шиғил мева солибди.

- Агар иссиқлик етарли бўлиб, парваришни меъёрида олиб борсангиз йилига икки марта ҳосил оласиз,-дейди уста деҳқон Одилжон.

Тумандаги 1-умумтаълим мактабида ҳам йилнинг ноябрь ойида жамоа лимонарий яратишга киришиб, ҳеч қандай иситиш мосламаларисиз “термос” усулида бунёд этилган жойда 25 туп лимон кўчатларини парвариш қила бошлади. Уч йиллик цитрус ниҳоллар атрофи шудгорланиб, укроп, кашнич каби резавор кўкат уруғлари сепилибди.

Қишлоқда иссиқхона қуришга маҳалла фуқаролар йиғинида ташкил этилган агрофирмалар кўмаклашиши ҳақида эшитганлар ҳужжатлар расмийлаштиришни бошлашибди. Олтинкўл туманида 56 та агрофирма ташкил этиш режаси тузилган. Айни пайтда улардан 47 таси фаолият бошлади. Агрофирмалар фаолияти, иссиқхоналар учун банкларнинг кредит ажратиши жадаллаштирилмоқда.

Деҳқонларга шароит яратилса, аҳоли дастурхони тўкин бўлади. Ҳар қаричи тиллога тенг еримиздан унумли фойдаланиб, ноз-неъматлар яратаётган хонадонларда бўлиб, яна кўп фуқароларнинг мана шундай ишга бел боғлаётганига гувоҳ бўлдик.
Элмурод Эрматов, Андижон.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Бир парча ердан 7 миллион даромад олган олтинкўллик деҳқонбобо