16:07 / 19.05.2017
9 400

Калтакланаётган милиционер, қурол кўтарган ниқоблилар, ўқ овозлари. Бухорода нима бўлди?

Калтакланаётган милиционер, қурол кўтарган ниқоблилар, ўқ овозлари. Бухорода нима бўлди?
Ижтимоий тармоқларда, шунингдек, оммабоп Telegram мессенжерида 17 майдан бошлаб Бухоро шаҳрида олингани тахмин қилинган видеоёзувлар тарқалди: унда баъзилари қора ниқоб кийган ва қўлига қурол кўтарган номаълум шахслар ички ишлар органи ходимига қаршилик кўрсатиб, уни калтаклаётгани акс этган. Мазкур ҳолат нафақат Бухорода, балки ижтимоий тармоқларда ҳам ваҳимага сабаб бўлди. Кейинроқ Бухоро вилояти масъуллари вазиятга аниқлик киритди.

Видеоларнинг бирида милиционер калтакланаётганини кўриш, бошқасида ўқ отилишига ўхшаш овозларни эшитиш мумкин. Биринчи видеоёзувда оқ Nexia’дан тушган икки киши милиция ходимига қаршилик кўрсатган, улардан бири қора ниқобда бўлиб, қўлида «Калашников» автомати ҳам бўлган. Қуролсиз «жангари» милиционерни ерга ётқизиб олиб, калтаклаган.

Сўнг улар шошилинч равишда машинага ўтириб, қочишга уринган. Кадр ортида кимдир: «Ҳайда! Ҳайда!», — деб бақирганини эшитиш мумкин. Милиция ходими Nexia’нинг юриб кетишига йўл бермаган. Видеога олаётган фуқаро: «Жинними булар?», — деб ҳайрон бўлган, бироқ ҳеч ким милиционерга ёрдам беришга ошиқмаган.

Дўкон (ёки гўзаллик салони?)да бўлган аёл томонидан олинган иккинчи видеода ўқ отилишига ўхшаш овозлар янграйди. Аёллардан бири, афтидан, ички ишлар органларига оқ Nexia’да келган бир гуруҳ шахслар милиция ходимига куч ишлатаётгани ҳақида хабар бераётганини эшитиш мумкин. Одамлар машиналардан тушиб, вазиятга ойдинлик киритишга уринган, сўнг ҳамма тарқаб кетган, хусусан, милиция ходими ҳам экрандан йўқолган.

Бухоро вилояти ҳокимлиги ахборот хизматидан «Дарё»га маълум қилишларича, бу — ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан ташкил этилган ўқув машғулотлари эди. Бухоро ИИБ томонидан «Бетакрор Бухоро» сайтида эълон қилинган ахборотга кўра, видеоларда акс этган жараён — «вилоят ҳудудидаги ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан аҳолининг огоҳлигини текшириш бўйича ўқув тактик машғулотлар» бўлган.

«Маҳаллий аҳоли [қаршиликка учраган] ИИБ ходимини қўллаб-қувватлаб, [шартли жангари]ларнинг ҳаракатлари хусусида ўз вақтида ИИБнинг навбатчилик қисмига хабар берган. Мазкур тадбир натижасида аҳоли ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг огоҳлиги юқори эканлиги ҳамда барча фукаролар тинч ва осуда ҳаётимизни қўлидан келганича ҳимоялашга тайёр эканлигини намоён бўлди», — дейилади вилоят ИИБ ахборотида.

Манба: hordiq.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Калтакланаётган милиционер, қурол кўтарган ниқоблилар, ўқ овозлари. Бухорода нима бўлди?