12:19 / 06.09.2016
10 174

Ислом Каримов тутган кундалик (3 қисм)

Ислом Каримов тутган кундалик (3 қисм)

Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим дилбар ва дилкаш инсон. Ҳазил мутойибага уста бўлиш билан бирга, жиддий ва сиёсий мавзуларда ҳам юксак савияда фикрлайди. Усмон ака Ислом Каримов ҳақида гапириб берган воқеа ҳеч қачон хаёлимдан кетмайди:

“- У пайтларда Президент Девонининг ёшлар масалалари бўйича Давлат маслаҳатчиси лавозимида ишлардим. Бир куни Ислом ака ҳузурларига чақириб қолдилар. Хоналарига аста кириб бордим. – Кел,-дедилар. Кўрсатилган стулга ўтирдим. – Чой ичасанми?-дедилар. Нима деб жавоб беришни билмай довдираб қолдим. Аммо овозларидаги меҳрибонликни пайқаб дадилландим ва : -Ким ҳам Президентнинг қўлидан чой ичгиси келмайди, — дедим. Президент юмшоқ табассум билан чой узатдилар. Чойни олаётиб, қўллари бироз қалтираётганлигини сездим ва нега бундай бўлаётганлигини ўйлай бошладим. Ислом аканинг шундай хислати бор эди-ки, қаршисидаги одам нимани ўйлаётганини билиб турарди. Шунинг учун унча-мунча одам у кишининг қарашларига дош беролмасди.

Президент ёшлар масаласи бўйича топшириқлар бергач, гап орасида тўхтаб, — Усмон, мен Худога нима ёмонлик қилдим,-дедилар. Шу заҳоти, “ Ислом ака, сиз Худога ҳеч қандай ёмонлик қилганингиз йўқ, Худо сизни яхши кўради. Агар яхши кўрмаса сизни Президент қилиб сайлармиди, Худо сизга меҳрибон, сиз Худонинг севган бандасисиз, Худо сизни ҳамиша ўз паноҳида асраб келган, бундан кейин ҳам асрасин, сиз Худонинг ердаги соясисиз,” деган фикрлар бошимда ғужғон айлана бошлади. Аммо, овоз чиқариб бу сўзларни айтаолмасдим. Президентнинг сўзини бўлишга ҳеч кимнинг ҳадди сиғмасди. – Қара, қўлим қалтираяпти. Биласанми, бу нимадан нишона ! Бу дегани эрта-индин шу яқин атрофда зилзила бўлади, дегани. Қайси гуноҳим учун Худо халқимни бошига бу офатни юбораяпти. Айт, нима қилишим керак. Бу офатни қандай тўхтатиш мумкин. Қанча ялиниб ёлворай !? Айт, ҳаммасини бажаришга тайёрман. Мана шу халқ, менинг азиз халқим соғ-саломат яшаса бўлди. Агар шу халқнинг омонлиги учун жоним керак бўлса, жонимни беришга тайёрман, фақат шу халқ тинчликда, фаровонликда ҳаёт кечирса бўлди. Икки кундан буён кечалари ухламай юртимизни, жонажон Ватанимизни омонликда ҳаёт кечиришини сўраб, Худога ёлвориб чиқаяпман. Зора, илтижоларим қабул бўлса ! Қўлимдаги қалтироқ анча камайди, аммо тўхтагани йўқ”,-дедилар.

Мен, Президентга жавоб беришга ҳолим йўқ, баданимдан сув-сув тер оқар, илоҳий қудратли кучнинг қаршисида тургандай ожиз эдим. Ўша куни хонадан беҳол чиқиб кетдим ва Худо бекорга бу одамни подшо қилиб сайламаганига яққол иқрор бўлдим. Ислом Каримовда, ҳақиқатдан ҳам биз оддий фуқароларда бўлмаган илоҳий куч, илоҳий қудрат бор эди. Худо берган мана шундай илоҳий салоҳият, илоҳий танлов бўлмас экан, подшо бўламан деб югуриш бефойда. Президентни одамлар сайламайди, аввало Худо сайлайди, одамлар Худо сайлаганни сайлайди.

Икки кундан кейин Ислом Каримов айтган воқеа рўй берди. Ангрен яқинидаги Жигаристон қишлоғи ўпирилиш остида қолди, бу офатга катта талафотларсиз барҳам берилди. Аслида, бундан ҳам даҳшатлироғи рўй бериши мумкин эди !”
Усмон ака шундай дея хикояларини тугатган эдилар.
(Ислом ота! Жойингиз жаннатдан бўлсин ! Биз сиздан розимиз, Сиз ҳам биздан рози бўлинг! Омийн !)

Шоир, Муҳаммад Исмоил

Манба: diydoraziz.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ислом Каримов тутган кундалик (3 қисм)