11:47 / 14.10.2016
8 201

Шифокорга «Қўл ҳақи» бериш керакми?

Шифокорга «Қўл ҳақи» бериш керакми?

Инсон учун дунёда соғликдан ортиқроқ бахт, саломатликдан зиёда давлат йўқ. Худо кўрсатмасин, бироз иссиғимиз чиқса ёки бошимиз оғриб, салгина шамоллаб қолсак, дунё кўзимизга тор бўлиб, қўлимиз ишга бормайди. Шундай пайтларда жонимизга оро кирадиган инсонлар албатта қўли енгил шифокорлар бўлади. Уларнинг ғамхўрлиги, жонкуярлиги сабаб, тез фурсатларда тузалиб, яна яқинларимиз даврасига қайтамиз. Касал бўлганимизда биздан бахтсиз, биздан абгор одам бўлмаганидек, соғайганимиздан кейин биздан-да мамнун одамни учратиш қийин. Ана шундай, соғлик инсоннинг бахти, бойлиги, хотиржамлиги, омади ҳисобланади. Бизнинг саломатлигимиз йўлида жон куйдириб меҳнат қиладиган, керак бўлса уйини, ўзини, оиласию яқинларини унутиб кечаю кундуз бошимизда парвона бўладиган шифокорларнинг меҳнатини ҳамиша ҳам қадрлаймизми? Уларнинг борлигига ҳамиша ҳам шукр қиламизми? Шифокорларимизни нг меҳнати, машаққати ҳаётимизда нечоғли аҳамиятли эканини ўз вақтида тушуниб, уларнинг заҳматларига яраша муносиб эътибор кўрсата оламизми? Умуман олганда шифокорга “қўл ҳақи” тутқазиш нечоғли тўғри? Бугунги мулоҳазалар шу ҳақида.

Яқинда иш юзасидан Республика Онкология Илмий Маркази клиникасида бўлдим. Тўғриси, у ердаги беморларни кўриб юрагингиз увишади. Айримлари умрининг охирги дамларини яшаётганини ҳис қилиб туради. Яратган ҳеч бир бандасини шу жойда ётгулик қилмасин, дейсиз беихтиёр. Шифокорларга, ҳамшираю фаррошларга разм солсангиз, чеҳрасидаги очиқлик, меҳр-муҳаббатдан юрагингиз энтикади. Ҳар бир беморга худди ёш болани парваришлагандек астойдил меҳр билан қарашади. Меҳнатида миннат, меҳрида сохталик сезилмайди.

— Бу ернинг дўхтирлари меҳрдан яралганми, дейман, опа,- дейди биз билан суҳбатда клиникада даволанаётган ёшгина келинчак. – Жойи келганда танамиздан чиқаётган фасодга ўзимиз ҳам тоқат билан қараёлмаймиз. Ҳамширалар, фаррошлар эса сира ҳам иддао қилишмайди. Кўнглимизга қарашади, муолажалар пайтида худди ўзининг жони оғриётгандек мулойимлик билан ҳаракат қилишади. Шундай шифокорларнинг борига шукр….

Тўғри, ҳақиқатдан ҳам шифокорларнинг борига шукр. Уларсиз ҳаётни тасаввур этишнинг ўзи даҳшат. Аммо, азизлар, одам боласининг табиати қизиқ. Жони оғриб турганида боридан, мол-дунёсидан кечишга тайёр бўлади-ю, тузалиб, озорлар ортда қолгач, барини унутиб юборади. Кейин шифокорга қанча бергани, ҳамширага кўп кетганию, фаррошнинг хизмат ҳақи меъёрдан ошганини таҳлил қила бошлайди. Тўғри, аввало шифокору ҳамшираларга давлат ойлик маош тайинлаб қўйибди, улар сизу бизнинг мурувватимизга муҳтож эмаслар. Лекин барака топгур, “қўл ҳақи” деган гап бор. Яъники, халқимиз ўзига хизмат қилган кишини албатта рози қилишни, озгина чойчақа билан бўлса ҳам “қўл ҳақи”ни адо этишни таъкидлайди. Ўйлашимизча, бизга қараган, вужудимизга ёпишган дарддан халос бўлишимизга сабабчи бўлган шифокорларга кўнгилдан чиқариб “қўл ҳақи” беришимиз номақбул иш эмас. Бу ҳақида ҳамшаҳримиз

Дилфуза Авлиёқулова шундай дейдилар:

— Тўғри гапни гапирдингиз. Баъзида баданимизга чиққан яра-чақага ўзимиз қарашга жирканамиз. Лекин шифокорлар, ҳамширалар ҳеч ирганмай дардимизга малҳам бўлишади, меҳр кўрсатишади. Униси ҳам майли, шундай шифокорлар борки, баъзан ўз болангдан кўрмаган меҳр-мурруват, яхшиликни кўрсатади. Бундан анча йиллар аввал касалхонада кекса ёшли бир онахон билан бир хонада ётиб даволангандим. Билишимча, онахоннинг икки ўғил, бир қизлари бор эди. Қизлари узоқроқ туманга келин бўлган, ёш болали, ҳам давлат ишида ишлар экан. Холанинг айтишларича ўғиллари ҳам тузук жойларда ишлайдиган, жамоасида обрў-эътиборга эга одамлар экан. Лекин бир ойдан зиёд вақт мобайнида мен ўша онахон билан бирга ётиб даволанган бўлсам, бирор марта ўғиллари ё келинлари келиб хабар олганини кўрмадим. Фақат узоққа келин бўлган қизлари ва куёвлари хабар олишарди, холос. Айтмоқчи бўлганим, даволовчи дўхтиримиз онахонни жуда яхши кўрарди. Худди ўз онасидек, “онажон” деб мурожаат қиларди. Ҳатто онахонга уйидан иссиқ овқат олиб келган пайтлари ҳам бўлган. Ўз фарзандинг кўрсатмаган мурувватни, меҳр ва ғамхўрликни кўрсата олган шифокорга албатта “қўл ҳақи” бериш керак, деб ўйлайман. Аммо бу ҳақ кўнгилдан чиқарилган, кишининг ўз ихтиёри билан аталган бўлиши лозим.

Азиз муштарий, бугун айтмоқчи бўлганларимиз, кафтдеккина мақолачада келтирганларимиз шифокорларга пора беришни тарғиб этиш ёхуд уларни беморлардан пул сўрашга даъват қилиш учун иншо этилмади. Бу шунчаки инсонийлик юзасидан кўнглимиздан кечган ўйлар эди. Бундоқ олганда, шифокору ҳамшираларнинг бемор берган уч-тўрт сўм пулга куни қолган эмас. Демоқчи бўлганимиз уларнинг меҳнатлари, заҳматларини озгина бўлса ҳам эътиборга олиб, тақдирлашнинг ёмон томони йўқ, бизнингча. Балки бу борада сизнинг фикрларингиз бошқачадир? Нима деб ўйлайсиз, шифокорга “қўл ҳақи” бериш керакми? Албатта, қуйида фикрингизни ёзиб қолдирасиз деган умиддамиз.

Умида Адизова «diydoraziz.uz» архивидан

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Шифокорга «Қўл ҳақи» бериш керакми?