15:54 / 28.11.2016
8 467

Тошкент шаҳрида 2022 йилгача 12та янги кўприк қурилади

Тошкент шаҳрида 2022 йилгача 12та янги кўприк қурилади

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳар сайловчилари билан учрашувда Тошкент шаҳрида амалга оширилажак лойиҳалар ҳақида гапирди. Номзоднинг учрашувдаги нутқи тўлиқ ҳолда «Тошкент оқшоми» газетасида чоп этилган, деб ёзмоқда Kun.uz нашри.

«Истиқболда транспорт коммуникация тармоқлари, чорраҳаларни такомиллаштириш, йўлларни қуриш ва реконструкция қилишнинг пухта ўйланган стратегиясини белгилаш билан боғлиқ махсус Ҳукумат қарори тайёрланиши керак, деб ҳисоблайман», деган у.

Унинг фикрича, ушбу ҳужжатда шаҳар аҳолиси учун қулай шароитлар яратиш, тобора кўпайиб бораётган транспорт оқимини оқилона бошқариш, аҳолига транспорт хизматлари кўрсатиш тизимини такомиллаштириш юзасидан келгуси 5 йилда умумий қиймати 1 триллион сўм, узунлиги 529 километр бўлган лойиҳаларни амалга оширишга доир барча ташкилий ва молиялаштириш билан боғлиқ масалалар албатта ўз ечимини топиши керак.

«Жумладан, шаҳарда 2017-2018 йилларда республика йўл жамғармаси ҳисобидан умумий қиймати 84 миллиард сўм, узунлиги 32,2 километрдан зиёд бўлган “Кичик ҳалқа йўли” барпо этилиши, реконструкция қилиниши ва таъмирланиши белгиланган. Яқин 5 йилда давлат бюджети ва республика йўл жамғармаси маблағлари ҳисобидан умумий қиймати 916 миллиард сўм бўлган 12та янги кўприк қурилади, умумий фойдаланишдаги 68 километрдан ортиқ йўл қурилади ва реконструкция қилинади», – деган Мирзиёев.

Унинг айтишича, ҳозирги вақтда республика йўл жамғармаси ҳисобидан Юнусобод ва Мирзо Улуғбек туманларида Бўзсув канали орқали 400 метр узунликдаги ва 6та полосали, умумий қиймати 38 миллиард сўм бўлган кўприк қурилиши бошлаб юборилди ва у келгуси йили фойдаланишга топширилади.

«Чилонзор туманида Бунёдкор ва Муқимий кўчалари кесишган жойда умумий қиймати 42 миллиард сўм бўлган транспорт боғламасини давлат бюджети ҳисобидан барпо этиш бошланади. Бу иншоот кўприк, пиёдалар ўтиш жойи ва олти полосали замонавий автомагистрални ўз ичига олади. Сирғали туманида 2017 йилда республика йўл жамғармаси ҳисобидан умумий қиймати 79 миллиард сўм, узунлиги 10 километр бўлган 6 полосали Қипчоқ кўчаси реконструкция қилинади. Бу кўча бўйлаб темир йўл устидан янги кўприк барпо этилиши ҳам кўзда тутилмоқда. Бундан ташқари, 2017 йилда республика йўл жамғармаси ҳисобидан умумий қиймати 42 миллиард сўм, узунлиги 5 километр бўлган 6 полосали лойиҳавий янги кўча барпо этилади», – дея бу мавзу ҳақида ўз сўзини якунлади Мирзиёев.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Тошкент шаҳрида 2022 йилгача 12та янги кўприк қурилади