Ашхободда очилган янги аэропорт Гиннеснинг рекордлар китобидан жой олди » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Ашхободда очилган янги аэропорт Гиннеснинг рекордлар китобидан жой олди

  • Жамият
  • 17-09-2016, 17:56
  • 1 661
  • Ашхободда очилган янги аэропорт Гиннеснинг рекордлар китобидан жой олди

    17 сентябрь куни Туркманистон пойтахти Ашхободда 2 миллиард доллардан ортиқ маблағ сарфланган янги аэропорт очилди. Бу ҳақида "Кун" нашри хабар берди.

    Уч терминалга (йўловчи, VIP ва юк) эга аэропортнинг сиғими тахминан 2000 кишига мўлжалланган. У ҳар қандай турдаги самолётни қабул қила олади ва халқаро стандартларга биноан хизмат кўрсатишга қодир. Учиш-қўниш йўлакларининг узунлиги - 3 800 метр. Аэровокзал мажмуи жойлашган ҳудуднинг умумий майдони - 1 200 гектар.

    Аэропортнинг очилиш маросимида Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов иштирок этди. Давлат раҳбари энг замонавий аэронавигация билан жиҳозланган янги аэропорт халқаро савдо-иқтисодий алоқалар ривожига хизмат қилишини таъкидлади.

    Асосий йўловчи терминал биносининг томида дунёнинг энг катта ҳажмдаги гилам кўринишидаги меъморчилик тасвири учун янги аэропортга Гиннеснинг рекордлар китобидан сертификат топширилди. Ушбу "гилам"нинг майдони - 705 квадрат метр.

    Туркманистондаги янги аэропорт бундан аввал мамлакатдаги бир қатор диққатга сазовор иншоотларни қурган Туркиянинг "Плимекс" компанияси томонидан бунёд этилди.