00:05 / 01.12.2016
7 038

Ўргимчак тўри

Ўргимчак тўри

Фурқат туманида яшовчи 27 яшар Акмалжон Кандиев 2014 йилнинг февраль ойи бошида қариндоши Э.Ҳомидовга (исм-фамилиялар ўзгартирилган) Россия Федерациясининг Краснодар шаҳридаги бойваччанинг уйини қуриш учун усталар кераклигини айтади, деб ёзади “Кун” нашри.

Қариндоши бу гапни укаси Ж.Зоировга етказади. Ж.Зоиров эса бешариқлик уста – қариндоши А.Раимов билан боғланади. Улар хорижга ишга отланишади. Бироқ А.Раимовнинг онаси иш берувчини сўраб-суриштирмоқчи бўлади. А.Кандиев Бешариққа бориб, З.Раимова билан кўришади. “Ўғлингиз қурилишда ишлайди, қум сувоқ ва алебастр сувоқ ишларини қилади. Ойига 400 АҚШ доллари иш ҳақи олади”, дея онахонни ишонтирди. Йўлда тасодифан танишган М.Жаводовни ҳам хориждаги сердаромад ишга қизиқтириб қўяди.

Шу тариқа А.Кандиев февраль ойи ўртасида Ж.Зокиров, А.Раимов ва М.Жаводовни Краснодар шаҳрига бошлаб кетади. Уларнинг паспортларини йиғиб олиб, иш берувчи билан ойига 400 АҚШ долларидан иш ҳақи тўлашга келишади. Усталарни эса “Иш ҳақингларни ўзим олиб, уйларингга жўнатиб тураман”, деб ишонтиради.

Тўрт ой ишлашган йигитлар А.Кандиевдан иш ҳақларини сўрашганда “уйларингга жўнатиб турибман”, деган жавобни эшитишади.

Ж.Зоиров акаси Э.Ҳомидов билан телефонда боғланганида, кўп нарса ойдинлашади.

- Апрель ойида Акмал телефон қилиб, 700 доллар жўнатганини айтган эди, - дейди Э.Ҳомидов телефонда укасига. – Банкка учрасам, 150 доллар келибди, холос. Акмалга телефон қилсам, нотўғри кодга жўнатибман, деди-ю, телефонини ўчириб қўйди. Бошқа пул жўнатгани йўқ.

Шундан сўнг, Ж.Зоиров шериклари билан уй эгасига учраб, қурилишни тугатганини айтиб, иш ҳақини сўрайди. Уй эгаси иш ҳақини ойма-ой Акмалга тўлаб турганини айтиб, ҳисоб-китоб варағини уларга беради. Шундан кейингина А.Кандиев иш ҳақларини олгани, аммо ишлатиб қўйганини тан олади. Бироқ, “ана бераман, мана бераман”, дея уларни бир ярим йил мобайнида алдаб юраверди. Алданган усталар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишади.

Чорасиз қолган А.Кандиев аввалига усталарга 333 минг сўмдан, 1 млн. сўм бериб, “қолганини кейин бераман”, деб аравани қуруқ олиб қочмоқчи бўлди.

Суд А.Кандиевдан жабрланувчиларга меҳнат ҳақларини ундириш, ўзини 3 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш тўғрисида ҳукм чиқарди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўргимчак тўри