Бугун сайлов: Сайловчиларга 10 та эслатма » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz
04-12-2016 | 09:20 ZAMIN.UZ / Жамият / 04 Декабр 2016
674

Бугун сайлов: Сайловчиларга 10 та эслатма

Бугун сайлов: Сайловчиларга 10 та эслатма

2016 йил 4 декабрь, якшанба куни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови куни.

Бу кунда бутун Республика бўйлаб янги президент сайлаш учун овоз берилади.

Парламентдаги 4та сиёсий партия кўрсатган номзодлар учун 21,5 миллион сайловчи овоз беради. Сайловда биринчи турдан кейин 50 фоиздан ортиқ овоз олган номзод республиканинг янги президентига айланиши мумкин. Агар биринчи турда ҳеч қайси номзод 50 фоиздан ортиқ овозга эга бўлмаса, энг кўп овоз олган 2 номзод ўртасида қайтадан овоз бериш жараёни бўлиб ўтади.

Сайловда давомат 33 фоиздан ошса, сайлов бўлиб ўтган ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови якунлари тўғрисидаги ахборот сайловдан кейин 10 кундан кечиктирмай Марказий сайлов комиссияси томонидан матбуотда эълон қилинади. Лекин одатда сайлов натижалари сайлов ўтгандан сўнг 1 сутка ичида эълон қилинади.

Сайлов натижалари расман эълон қилингач, 2 ой ичида янги президент инаугурацияси ташкил этилади. Давлат раҳбари ҳар бири 5 йил муддатдан икки маротабадан ортиқ сайлана олмайди.

Эртага фуқаролар ўз сиёсий ҳуқуқларидан фойдаланиб, ўз келажаклари учун овоз беришади.

Мамлакатдаги барча сиёсий партиялар сайловда иштирок этиш истагини билдирди. Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси Сарвар Отамуратовни, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Шавкат Мирзиёевни, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Хатамжон Кетмоновни, Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси Наримон Умаровни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод этиб кўрсатди.

Номзодларга сайловолди ташвиқотини ўтказиш, давлат оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда тенг шароитлар яратилди. Сайловчилар билан учрашувлар видеоконференция тарзида ўтказилгани аҳоли кенг қатламларини қамраб олиш имконини берди. Фуқаролар номзодларнинг таржимаи ҳоли, сайловолди дастури билан атрофлича танишди.

Бугунги кунда Ўзбекистон бўйлаб ташкил этилган 14 та сайлов округларида 9378 та, шу жумладан Ўзбекистоннинг 44 та хорижий дипломатик ваколатхоналаридаги 44 та сайлов участкаси сайловчиларни қабул қилишга шай ҳолатга келтирилган.

Участка сайлов комиссиялари таркиби шакллантирилиб, уларнинг фаолиятига 98 мингдан зиёд киши жалб қилинди. Барча участкаларда она ва бола, тиббиёт хоналари ташкил этилди. Овоз бериш хоналари, қутилар, кўчма қутилар тайёрланди. Участкалар сайловга оид қонун, йўриқнома, қўлланма, зарур адабиётлар, номзодлар ва уларнинг дастурларини таништирувчи плакатлар, телефон, компьютер ҳамда интернет билан таъминланди.

Сайловнинг очиқ ва ошкоралигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини 44 давлат ва беш халқаро ташкилот – ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти вакиллари кузатаётиб бормоқда. Сайловда иштирок этаётган сиёсий партиялар, оммавий ахборот воситалари вакиллари кузатувчи сифатида қатнашмоқда. Сайлов жараёнини маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг 1 минг 400 дан ортиқ вакили ёритиб бормоқда.

Сайт ўқувчиларига сайлов ҳақида ва овоз бериш жараёнига оид маълумотлар яна бир бор эслатиб ўтилади. Барча юртдошларни ўз хоҳиш-иродасига кўра, сайловларда фаол иштирок этишга чақирамиз.

1. Овоз бериш қачон бошланади ва қачон тугайди?
Овоз бериш жорий йилнинг 4 декабрь, якшанба куни соат 06.00дан соат 20.00гача ўтказилади.

2. Овоз бериш қаерда бўлиб ўтади?
Овоз бериш махсус ажратилган сайлов участкалари биносида бўлиб ўтади. Уларда яширин овоз бериш учун етарли миқдорда кабиналар ёки хоналар жиҳозланиши, сайлов бюллетенлари бериш учун жойлар ажратилиши ҳамда сайлов қутилари ўрнатилиши керак.

3. Яқин қариндоши номидан ҳам овоз бериш мумкинми?
Йўқ, мумкин эмас. Ҳар бир сайловчи шахсан овоз беради, бошқа кишилар учун овоз беришга йўл қўйилмайди.

4. Сайлов бюллетени ким томонидан берилади?
Сайлов бюллетенларини тегишли сайлов комиссияси томонидан сайлов участкаси сайловчиларининг рўйхати асосида паспорт ёки бошқа гувоҳнома кўрсатилиши асосида берилади. Ҳар бир сайловчи сайлов бюллетени олгани ҳақида сайловчилар рўйхатидаги ўз фамилияси рўпарасига имзо чекади.

5. Соғлиғи туфайли сайлов участкасига бора олмайдиган фуқаролар сайловда қай тартибда қатнашади?
Сайлов куни беморлиги сабабли, участкага бора олмайдиганлар учун навбатчи гуруҳлар ташкил этилган. Бунда бемор сайловчи ўзи бириктирилган сайлов участкасига қўнғироқ қилиши кифоя. Унинг манзили бўйича махсус қути ҳамда овоз бериш бюллетени олиб келинади.

6. Агар фуқаро яшаш жойидаги сайловчилар рўйхатига киритилмай қолган бўлса, нима қилиши керак?
Муайян сабаб билан сайловчилар рўйхатига кирмай қолган сайловчилар шахсини ва яшаш жойини тасдиқлайдиган ҳужжат асосида сайловчилар рўйхати иловасига киритилади. Бунинг учун участка сайлов комиссиясига мурожаат қилиш керак.

7. Сайлов бюллетени қаерда тўлдирилади?
Овоз берувчилар сайлов бюллетенларини яширин овоз бериш учун ажратилган хонада тўлдиришади. Бюллетенларни тўлдириш вақтида хонада овоз берувчидан бошқа бирон-бир киши бўлиши мумкин эмас.

8. Бюллетен қандай тўлдирилади?
Сайловчи сайлов бюллетенига, ўзи ёқлаб овоз бераётган номзоднинг фамилияси рўпарасида, ўнг томонда жойлашган бўш квадратга белги-крестик (плюс) қўяди. Плюсдан бошқача белгилар қўйиш мумкин эмас. Шунингдек, бошқа номзодларнинг фамилияси рўпарасидаги катак бўш қолиши керак. Бўш жойларга бирон белги қўйиш мумкин эмас. Акс ҳолда сайлов бюллетени бузилган деб ҳисобланади. Сайлов бюллетенини турли сабабларга кўра бузиб қўйган сайловчилар бюллетенни яроқлисига алмаштириш участка сайлов комиссиясига мурожаат қилиши мумкин.

9. Сайлов куни бирон номзодни қўллаб-қувватлаб ташвиқот қилиш мумкинми?
Сайловолди ташвиқоти Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинган кундан эътиборан бошланади. Сайлов куни ва овоз бериш бошланишига бир кун қолганида сайловолди ташвиқотига йўл қўйилмайди. 2 декабрь куни, кечки соат 20:00дан кейин барча ташвиқот мазмунидаги плакатлар олиб ташланди.

10. Сайловда қатнашиш мажбурийми?
Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари Ўзбекистон Республикаси Президентини сайлаш бўйича сайловолди кампаниясида ва овоз беришда ихтиёрий равишда қатнашади.



Zamin.uz нинг Telegram’даги расмий каналига обуна бўлиб, янгиликлардан хабардор бўлинг.