Эркин Воҳидов ҳайкали ўрнатилади » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Эркин Воҳидов ҳайкали ўрнатилади

  • Жамият
  • 8-12-2016, 01:23
  • 1 172
  • Эркин Воҳидов ҳайкали ўрнатилади

    Декабрь охирида шу йилнинг май ойида вафот этган Ўзбекистон Халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллиги кенг [url=http://]нишонланади[/url]. Бу ҳақдаги қарор 7 декабрь куни Президент в. б. Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланди.

    Ҳужжатда қайд этилишича, ўзбек адабиёти ва маданияти ривожига унутилмас ҳисса қўшган атоқли шоир ва адиб, таниқли давлат ва жамоат арбоби, Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов ижодий мероси ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш борасидаги улкан аҳамиятга эга.

    Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллигига бағишланган тадбирлар доирасида унинг ўзбек тилидаги «Сайланма» асарлари, инглиз ва қорақалпоқ тилларига таржима қилинган шеърий тўпламлари чоп этилади. Бундан ташқари, шоир ҳайкали ўрнатилиб, унинг ҳаёти ва ижодига бағишланган ҳужжатли фильм тайёрланади.

    Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида «Эркин Воҳидов ижодининг маънавий ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамияти» мавзусида илмий конференция бўлиб ўтади.

    Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар, умумий ўрта таълим муассасалари, ҳарбий қисмлар, меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда таниқли адиб ва олимлар, санъаткорлар иштирокида учрашувлар, адабий кечалар ташкил этилади.

    Республика театрларида Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов асарлари асосидаги спектакллар қайта саҳналаштирилади.

    Декабрнинг охирги ўн кунлигида Ўзбек Миллий академик драма театрида шоир таваллудининг 80 йиллигига бағишланган адабий-бадиий хотира кечаси ўтказилади.