Лола Каримова-Тилляева Ислом Каримов фондининг илк хайрли лойиҳаси ҳақида хабар берди » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz
15-12-2016 | 16:29 ZAMIN.UZ / Жамият / 15 Декабр 2016
838

Лола Каримова-Тилляева Ислом Каримов фондининг илк хайрли лойиҳаси ҳақида хабар берди

Лола Каримова-Тилляева Ислом Каримов фондининг илк хайрли лойиҳаси ҳақида хабар берди

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг кенжа қизи, “Сен ёлғиз эмассан” хайрия жамғармаси васийлик кенгаши раиси, Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги доимий вакили Лола Каримова-Тилляева Ислом Каримов фондига асос солгани ҳақида хабар берган эдик.

Каримова-Тилляева ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифаси орқали Бухоро вилояти, Қоракўл туманида жойлашган иккита мактаб “Сен ёлғиз эмассан” хайрия фонди томонидан реконструкциядан чиқарилгани, бироқ бу хайрли ишлар Ислом Каримов фондининг илк иши сифатида тақдим этилаётгани ҳақида хабар берди.

Жамоатчи мактаб таъмири ва мазкур хайрия иши ҳақида шундай дейди:

“Бухоро вилояти Қоракўл туманида жойлашган иккита умумтаълим мактаби қайта таъмирлаш ишларидан сўнг ўқувчилар учун ўз эшикларини очди. Мазкур мактаблардаги капитал реконструкция ишлари “Сен ёлғиз эмассан” фонди томонидан амалга оширилган эди, аммо отамнинг хотираларини ёдга олиб ва холис ниятларимиз рамзи сифатида ушбу хайрли ишни биз Ислом Каримов фондининг биринчи лойиҳаси сифатида тақдим этмоқчимиз.

Беш гектарга тенг умумий майдонда жойлашган 5- ва 43-сонли мактабларни таъмирлаш ишлари фонд томонидан мазкур йилнинг май ойида бошлаб юборилган эди. 1961 ва 1980 йилларда қурилган иккала мактабнинг бинолари жуда эскирган бўлиб, анча ёмон аҳволда эди. Қайта таъмирлаш ишлари биноларнинг деворлари ва фундаментини мустаҳкамлашдан бошлаб юборилди. Қўшимча қилиб мажлислар ва спорт заллари, мактаб ҳовлиларида футбол, волейбол, баскетбол, гандбол ва теннис майдончалари барпо этилди.

341 та бола таҳсил олаётган 43-мактаб учун қўшимча 5 та ўқув синфи қуриб битказилди. Энди ўқувчилар қўшни мактаб синфларида эмас, балки ўз мактабларида бемалол дарс олишлари мумкин. 711 та ўқувчига эга 5-мактаб учун янги гимнастика зали ва ошхона барпо этилди.
Барча корпусларнинг девор ва пойдеворлари мустаҳкамланиб, хоналарни иситиш ва канализация тизимлари янгиланиб, сув қувурлари ва ёнғин хавфсизлиги тизими ўтказилди.

Мактабдаги ўқув ва маъмурий хоналар замонавий мебеллар билан жиҳозланиб, компьютер техникалари билан таъминланди. Кимё, физика, биология, информатика, меҳнат хоналари ҳам зарур анжомлар билан жиҳозланди”.

Лола Каримова-Тилляева мактаб ўқувчилари, мураббийлар ва ота-оналарни янги мактаб биносининг фойдаланишга топширилгани билан қутлар экан, бу мактабда Ўзбекистоннинг довруғини дунёга танитадиган келажак авлод камол топишига умид билдирди.

“Барчамизга маълумки инсоннинг келажагига пойдевор айнан мактабда солинади. Бу икки маскан кўплаб иқтидорли йигит ва қизларни етиштиради, деб астойдил умид қиламан. Таълим жараёни самарали кечиши учун биз бу ерда барча қулай шароитларни яратишга ҳаракат қилдик. Ушбу мактаблар битирувчилари билан ҳали бутун Ўзбекистонимиз фаҳрланишига тилакдошман. Оқ йўл, сизга, азиз болалар!”, деб ёзади жамоатчи.

Лола Каримова-Тилляева ўз мулоҳазалари давом эттириб, Ислом Каримов фондининг фаолиятига ҳам тўхталиб ўтди.

“Ислом Каримов жамоатчилик хайрия фондига Ўзбекистон мустақиллиги асосчиси ва Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг хотираси ва ҳаётда амал қилган тамойилларини абадийлаштириш мақсадида асос солинган.

Ислом Каримов Фондининг бирламчи вазифалари мамлакатимиз ҳамда хорижда Ўзбекистоннинг тарихий, маданий ва адабий меросини тарғиб қилишга мўлжалланган дастурларни амалга оширишдан иборатдир.

Фонд томонидан ёшларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини ривожлантиришга, олий ўқув юрти ва мактаб мураббийлари ҳамда тиббиёт ходимларининг касбий малакаларини оширишга йўналтирилган турли илмий-маърифий, маданий дастур ва лойиҳалар амалга оширилади”.

Манба: Qalampir.uz

Zamin.uz нинг Telegram’даги расмий каналига обуна бўлиб, янгиликлардан хабардор бўлинг.