Тошкентда ҳаёдан йироқ, уятга бегона либослар намойиши ўтказилди. Мутасаддиларнинг кўзи қаерда? » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz
17-12-2016 | 11:40 ZAMIN.UZ / Жамият / 17 Декабр 2016
2 049

Тошкентда ҳаёдан йироқ, уятга бегона либослар намойиши ўтказилди. Мутасаддиларнинг кўзи қаерда?

Тошкентда ҳаёдан йироқ, уятга бегона либослар намойиши ўтказилди. Мутасаддиларнинг кўзи қаерда?

Сўнгги йилларда мамлакатимиз маданият ва санъатнинг кўплаб соҳалари қатори мода соҳаси тобора ривожланиб бормоқда. Айниқса, дизайнерлар билан биргаликда ёш дизайнерларга ҳам кенг имкониятлар яратилган. Бундан 10-15 йил аввал либос тикувчиларга оддийгина чевар деб мурожаат қилган бўлсак, бугун бу ном улар яратаёган асарлар олдида бироз соддароқдек, дейилади Qalampir.uz сайти маълумотида.

Айрим дизайнерларимизнинг жаҳон мода ҳафталикларида иштирок этаёгани эса янада қувонарлидир. Чет эллик меҳмонлар ҳам “ўзбек модаси” деганда, атлас ва адрасни кўз олдига келтириши табиий. Минг йиллик тарихга эга бу матолар миллий бойликларимиздан саналади.

Ҳозирги кунда айнан атлас, адрас, шойи, беқасам матоларидан фойдаланаётган дизайнерларимиз талайгина. Бу қувонарли, албатта. Лекин бу борада ҳам айрим камчиликлар кўзга ташланади.

Баъзи дизайнерларимизнинг атлас ёки адрас матосидан фойдаланган ҳолда, замонавий, очиқ-сочиқ, миллий қадриятларимиз, азалий урф-одатларимизга хос бўлмаган дизайнда тайёрлаган либослари кўпчиликнинг ғашига тегиши табиий. Кеча, 15 декабрь куни ўтказилган намойишда тақдим этилган кийимлар эса бизни янада ҳайратга солди.

Пойтахт Тошкентдаги “Autograph” номли хусусий арт-галереясида Hafizhan тахаллуси остида ижод қилувчи дизайнернинг модалар намойиши ўтказилгани ҳақида сайтимизга хабар қилинди. Аниқроғи, мазкур намойишдан олинган бир неча фотосуратлар таҳририятимизга юборилиб, унда намойиш этилган либослар европага тақлид, “оммавий маданият”нинг бир кўриниши экани таъкидланди.

Фотосуратларни кўриб, намойиш ҳақида тўлиқ тафсилот олишга ҳаракат қилдик. Бунга эса намойиш вақтида тақдим этилган либосларнинг дизайни сабаб бўлди. Либослар шу қадар очиқки, уни сизга борича кўрсатишга андиша қилдик. Балки бизгача етиб келган суратлар аллақачон сизнинг ҳам қўл телефонингиз хотирасидан ўрин олиб бўлгандир. Тақдимотда тўрли газламадан тикилган кийимлар намойиш этилган. Энг ёмони бу ҳаёсизлик яққол акс этган мода намойишида вояга етмаган болалар ҳам иштирок этган.

Шарқ халқлари менталитетига тўғри келмайдиган либослар коллекциясини тақдим этган дизайнернинг асл исми Дилшод бўлиб, тадбир ёпиқ намойиш тарзида ташкил этилган. Галерея ходимлари дизайнер учун фақатгина жой ажратиб берганларини маълум қилишди.

Галерея ходимларига коллекцияда намойиш этилган либосларнинг очиқ-сочиқлиги ҳақида айтганимизда, худди шу либослар Франция ва Россиянинг бир қатор шаҳарларида намойиш этилгани айтилиб, гўёки ўзларини оқлашди. Шунингдек, мода намойишига чет эллик меҳмонлар ҳам таклиф этилган.

Шу ўринда савол туғилади: коллекция Ғарб мамлакатлари учун яратилган бўлса, нега Шарқ давлатида намойиш этилди, нега бу намойишга вояга етмаган ўғил-қизлар киритилди? Афсуски, бу саволга “Autograph” галереяси ходимларидан жавоб ололмадик.

Масалага ойдинлик киритиш мақсадида “Осиё рамзи” дизайнерлар ва модельерлар ассоциацияси билан боғланишга қарор қилдик. Биз билан алоқада бўлган ташкилот дизайнери Малика Тожибоева аслида юртимиздаги ҳар бир дизайнер ўз коллекциясини тақдим этишдан аввал “Осиё рамзи” ассоциацияси ҳайъат аъзоларига намойиш этиши ва тасдиқлатиши кераклигини маълум қилди.

Кеча ўтказилган ёпиқ намойишдан эса ассоциация маъмуриятининг хабари бўлмаган. Демак, “ўзбошимчалик” билан ўтказилган намойиш муаллифи ва ташкилотчиларга, хусусан, намойишни ташкил этишда унга жой ажратганларга ҳам чора кўрилиши керакми? Бу борада бирлашма қандай қарор чиқараркин? Буни эса вақт кўрсатади.

“Эшакка тўқим, одамга либос”, деган гап бор халқимизда. Шарқ халқлари азал-азалдан маданияти, орияти, андишаси билан дунёда намуна, ўрнак бўлиб келган. Бунда қизларнинг гўзаллиги очиқ елкалар билан эмас, тақимига тушган сочлари, қалин қошлари билан ўлчанади. Бунда либос одамни эмас, одам либосни безайди. Шу халқ вакили бўлиб, шу Ватан тупроғида ўсган, шу юрт тузини тотган дизайнерларимиз яратаётган либослари нималарга хизмат қилишини бир ўйлаб кўришса, мақсадга мувофиқ бўларди. Либос муаллифи ва уни намойиш этишга бош-қош бўлганлар ўз қизи ёки набирасини шу либосда кўришни истаган бўлармиди. Хулоса ўзингиздан.

Zamin.uz нинг Telegram’даги расмий каналига обуна бўлиб, янгиликлардан хабардор бўлинг.