21:35 / 19.12.2016
8 557

Тошкентдаги бозорларда Янги йил ярмаркалари иш бошлади

Тошкентдаги бозорларда Янги йил ярмаркалари иш бошлади

“Ўзбекозиқовқатзахира” уюшмаси томонидан Тошкент шаҳридаги деҳқон бозорларида байрамолди савдо ярмаркалари ташкил этилди. Янги йил дастурхони учун харид қилинадиган барча маҳсулотлар нақд пул ҳамда пластик карточкалар орқали сотилмоқда. Бу ҳақда Qalampir.uz ёзмоқда.

Уюшма тизимидаги савдо-тайёрлов корхоналари мамлакатимизнинг барча ҳудудларида 80 дан ортиқ, жумладан, Тошкент шаҳридаги Авиасозлар, Наврўз, Фарҳод, Олой ва Сирғали деҳқон бозорларида байрамолди ярмаркасини ташкил этди.

“Ўзбекозиқовқатзахира” уюшмаси вакили берган маълумотларга қараганда, кейинги ўн кун оралиғида пойтахт Тошкентдаги йирик бозорларда уч минг тонна атрофида картошка, қарийб 100 тонна гуруч, 370 тоннадан ортиқ пиёз сотилган. Шунингдек, 550 миллион сўмликдан зиёд мева-сабзавот, товуқ гўшти, сут, гўшт ва мева-сабзавот консервалари, қандолат маҳсулотлари, ёрмалар, балиқ ва балиқ консервалари арзон нархларда етказиб бериляпти.

“Ўзбекозиқовқатзахира” уюшмасидан маълум қилишларича, қиш-баҳор ойларида ички истеъмол бозорига босқичма-босқич етказиб бериш мақсадида Ўзбекистонда 660 минг тоннадан зиёд асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари захирага жамғарилган. Жумладан, уюшма тизимидаги савдо-тайёрлов корхоналари омборларига 100 минг тоннадан зиёд маҳсулот ғамланган. Қарийб 27 минг тонна картошка, 16 минг тонна пиёз, 12 минг 600 тонна сабзи, салкам 11 минг тонна мева, 5 минг тоннадан зиёд полиз, 22 минг тоннадан ортиқ гуруч ва дуккакли маҳсулотлар шулар сирасидандир.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Тошкент шаҳар деҳқон бозорларини тартибга солиш, санитария ҳолатини яхшилаш, асосий турдаги озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг нархини барқарор сақлашни таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар режаси асосида ташкил этилган ушбу ярмаркалар 5 январга қадар давом этади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Тошкентдаги бозорларда Янги йил ярмаркалари иш бошлади