Бу йил “Эътироф” тақдимоти ўтказилмайди...ми? » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Бу йил “Эътироф” тақдимоти ўтказилмайди...ми?

Жамият 19-12-2016, 21:36 739
Бу йил “Эътироф” тақдимоти ўтказилмайди...ми?

Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси, “Камолот” ЁИҲ ҳамда Ёшлар маркази ҳамкорлигида 2013 йилдан буён “Эътироф” тақдимотини ўтказиш анъанага айланган. Йил охирлаб, янги йил яқинлашгани сари нафақат санъат олами вакиллари, балки халқ орасида ҳам “Эътироф” мукофотининг тақдирлаш маросими қачон бўлади?”, “Ўзи тақдимот маросими бу йил ўтказиладими?”, деган саволлар пайдо бўлмоқда.

Ўтган йили тақдимот маросими 21 декабрь куни “Истиқлол” санъат саройида ўтказилган эди. Бу йил якунига етишига саноқли кунлар қолган бўлса-да, маросимга тайёргарлик жараёнлари бошланганича йўқ.

Одамлар ва санъат олами вакиллари орасида тарқалган ўринли саволларга жавоб олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги билан боғландик. Вазирлик масъуллари тақдимот маросимини ўтказилиши бўйича ҳозирча ҳеч қандай маълумот бера олмасликларини айтишди.

“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси Ахборот хизмати ходими Музаффар Сайфуллаев эса таҳририятимиз билан мулоқотда тақдимот маросими ҳақида маълумотга эга эмаслигини айтиб, суҳбатни қисқа қилди.

Бизга маълум бўлишича, тақдимотни ўтказиш бўйича ҳали ҳеч қандай қарор қабул қилинмаган.

Энг қизиғи, ўтган йили ҳам танлов ўтказилиши маросимдан бир неча кун олдин аниқ бўлган эди. Ўз-ўзидан тақдимот маросими кўпчиликнинг эътирозига сабаб бўлганди. Мукофот йил бўйи тер тўкканлар қолиб, ҳатто, тилга тушмаганларга насиб этгани анча вақтгача муҳокамаларга сабаб бўлганди.

Нафақат санъат ва спорт соҳасида, балки ҳар соҳада йилнинг энг яхшилари топилиши аниқ. Аслида энг буюк, энг адолатли эътироф – халқ олқиши, эътибори. Бироқ ижодкорларни янада руҳлантириш, соғлом ижодий рақобатни кучайтириш мақсадида топшириладиган “Эътироф” тақдимотига нима учун юзаки қаралаётгани, ҳамон тайёргарлик кўрилмагани, халқ овози тўпланмаётгани ва мухлисларнинг фикр ва мулоҳазалари ўрганилмаётгани кишини таажжубга солади. Тақдимотда ғолиблар қайси мезонларга кўра танланади? Бунда халқнинг фикри инобатга олинадими ёки йўқ... Бундай саволлар кўп, бироқ уларга ким жавоб беради?

Сизнингча, бу йил “Эътироф”ни ким олиши керак?


Zamin.uz нинг Google+’даги расмий каналига обуна бўлиб, янгиликлардан хабардор бўлинг.