Автомобилларни олиб қочганлик учун жазо кучайтирилди » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Автомобилларни олиб қочганлик учун жазо кучайтирилди

Жамият 27-12-2016, 12:38 585
Автомобилларни олиб қочганлик учун жазо кучайтирилди

Ўзбекистонда 27 декабрдан транспорт воситаларини олиб қочганлик учун жавобгарлик кучайтирилди, деб ёзади «Газета.uz». Жиноят кодексига ўзгартиш киритиш тўғрисидаги қонун бир кун муқаддам Президент Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланди. Мазкур қонун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 6 октябрда қабул қилиниб, 12 октябрда Сенат тасдиғидан ўтган эди.

Жиноят кодексининг янгиланган 267-моддасига мувофиқ, эндиликда транспорт воситасини олиб қочиш учун 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси белгиланади (бунга қадар — 3−5 йилгача эди).

Худди шу жиноят а) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан, б) зўрлик билан ёки зўравонлик таҳдиди қўлланилган ҳолда ёхуд г) транспорт воситасини ўғирлик йўли билан ўғирлаш ёки талон-тарож қилиш орқали содир этилса, 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланишига сабаб бўлади. Муқаддам эса аввалги икки банд учун 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси қўлланилган.

Мазкур ҳаракат а) ўта хавфли рецидивист, б) жиноий гуруҳ томонидан ёки в) транспорт воситаси босқинчилик ҳужуми орқали ўғирлаш мақсадида содир этилса, 15 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум этилади (аввалги икки банд учун 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум этиш белгиланган эди).

Бундан аввалроқ эса Ўзбекистонда сўнгги уч йил давомида транспорт воситаларини олиб қочиш билан боғлиқ жиноятлар сони 65 фоизга ортгани маълум қилинган эди. ЖКга ўзгартиш киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси парламентга Бош прокуратура томонидан киритилган.


Zamin.uz нинг Google+’даги расмий каналига обуна бўлиб, янгиликлардан хабардор бўлинг.