10:05 / 30.12.2016
8 772

Пора талаб қилган ИИБ ходими қўлга олинди

Пора талаб қилган ИИБ ходими қўлга олинди

Чироқчи туманида яшовчи фуқаро А.Асадов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) машинасида Шаҳрисабз туманидан қайтаркан, “Танхоз” постида ИИБ ходими унга тўхташ ишорасини кўрсатди. А.Асадов йўл ҳаракати қоидаларини бузмаганлиги сабабли кўнгли хотиржам бўлиб, машинасини четга олди, деб ёзади “Кун” нашри.

Туман ИИБ ҳузуридаги “Қўриқлаш” бўлими милиция ходими З.Шодмонов унинг ёнига келиб, назорат-текширув тадбири ўтказилаётгани учун ҳужжатларини кўрсатишни сўради. А.Асадов инспекторнинг талабига кўра, машина ҳужжатларини унинг қўлига тутқазди. Инспектор ҳужжатларни синчковлик билан текшираркан, кўнглидаги ниятини ошкор қилишни истамай турарди. Машина ҳужжатлари жойида бўлса-да, ҳайдовчининг фуқаролик паспорти йўқлиги унинг учун яхшигина баҳона бўлди.

- Фуқаролик паспортингиз йўқ экан, шу сабабли машинангизни жарима майдончасига қўйишга мажбурман.

А.Асадов инспектор билан узоқ тортишди. Ҳатто бу камчилик учун узр ҳам сўради. Бироқ З.Шодмонов қонунга бўйсунишини рўкач қилиб, айтган гапида туриб олди.

- Наҳотки бир иложи бўлмаса, - деди А.Асадов ИИБ ходими З.Шодмоновга умидвор оҳангда. – Келишиб олсак бўлади-ку?!

З.Шодмонов учун бу айни муддао эди. Ҳайдовчининг айни вақтда ҳамма нарсага тайёрлигини англаб, ундан машинани қайтариб олиши эвазига 300 минг сўм беришини айтди. Ҳайдовчининг ёнида бунча пул йўқ эди, ялинишга тушди. З.Шодмонов “сал юмшаб”, 250 минг сўмга рози бўлди. А.Асадов чўнтагини кавлаб, ёнидаги 200 минг сўмни З.Шодмоновга узатди. Қолган 50 минг сўмни кейин келтириб беришни ваъда қилди. аммо инспектор ҳам анойилардан эмасди. Ҳайдовчи кетса, бошқа қайтиб келмаслигини яхши биларди. Шу боис 50 минг сўм эвазига ҳайдовчининг қўл телефонини гаровга олиб қолди.

А.Асадов эртаси куниёқ унинг устидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилди. З.Шодмонов телефонни олиб кетиш учун келган А.Асадовдан 50 минг сўмни пора тариқасида олаётган вақтда ашёвий далил билан қўлга олинди.

Мазкур ҳолат юзасидан З.Шодмоновга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, суд ҳукми билан тегишли жазога тортилди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Пора талаб қилган ИИБ ходими қўлга олинди