Ректорларга айтадиган гапингиз борми? » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Ректорларга айтадиган гапингиз борми?

  • Жамият
  • 30-12-2016, 23:30
  • 1 144
  • Ректорларга айтадиган гапингиз борми?

    Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинганлигининг 24 йиллиги муносабати билан ўтказилган тантанали кечада Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилни “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилган эди.

    Халқ билан мулоқот қилиш эса анча аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг виртуал қабулхонаси очилганидан бошлаб янги босқичга кўтарилди. Бу каби тўғридан-тўғри мулоқотга киришиш ва очиқликнинг таъминланиши демократиянинг муҳим бўлаги саналади.

    Бош вазир виртуал қабулхонаси очилганидан сўнг яна бир қатор давлат ташкилотлари раҳбарларининг ҳам виртуал қабулхоналари ўз фаолиятини бошлади. Бу мавжуд соҳадаги ҳал этилмаган масалалар, муаммолар, шикоятлар вақтида ўз ечимини топишини таъминлади.

    Айни кунларда худди шундай виртуал қабулхоналар орқали Ўзбекситондаги барча олий ўқув юртлари раҳбарларига ҳам тўғридан-тўғри мурожаат қилиш имкони пайдо бўлди. Халқаро олий ўқув юртларининг Ўзбекистондаги филиаллари бундан мустасно. Бу хақда “Qalampir.uz” сайти хабар қилди.

    Бундай имконият орқали энди нафақат талабалар, балки абитуриентлар ҳам олий таълим муассасаси раҳбари билан очиқ мулоқотга киришишлари таъминланди.

    Олий таълим муассасаси раҳбарларининг виртуал қабулхонаси очилиши талаба ва абитуриентлар, қолаверса, уларнинг ота-оналарига 2017 йил – “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” учун муносиб тухфа бўлди.

    Маълумот ўрнида, ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси худудида 76 та олий таълим муассасаси ўз фаолиятини олиб боради. Уларнинг 7 таси халқаро олий ўқув юртларининг филиаллари саналади.

    loading...