Обама ўз ёрдамчисига куёвжўра бўлди » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Обама ўз ёрдамчисига куёвжўра бўлди

Жамият 11-01-2017, 08:25 596
Обама ўз ёрдамчисига куёвжўра бўлди

Интернетда АҚШ президенти Барак Обама ўз ёрдамчисига куёвжўра бўлган тўй маросимидан суратлар пайдо бўлди. Фотосуратлар ижтимоий тармоқларда ва BuzzFeed сайтида чоп этилди, деб ёзади Кун.уз сайти.

Washington Post нашрининг хабар беришича, Обама гольф бўйича шериги ва ёрдамчиси Марвин Николсон ва келин Хелен Пайчичнинг тўйида куёвжўра бўлган. Тўй Флоридаги Сент-Жонс дарёсидаги қароргоҳда бўлиб ўтган.

Николсон Обамага бутун президентлик муддати давомида ёрдам бериб келган. У Обаманинг сафарларини режалаштириш учун жавоб берган ва унга гольф ўйини ёки самолётда кетаётганда қарта ўйинларида шериклик қилган.

Келин ҳам охирги вақтларда Обама маъмуриятида таълим департаментида ишлаган. Келин-куёв Обамага 2008 йилги кампаниясида ёрдам беришган, келиннинг отаси Стив Пайчич эса Обаманинг кампаниясига маблағ йиғиш билан шуғулланган.

Обама тўйга рафиқасисиз келган, унга бир неча нафаргина ёрдамчиси ва смокингларга кийиниб олган махсус хизмат ходимлари ҳамроҳлик қилишган.

Тўйда шунингдек АҚШ давлат котиби Жон Керри ҳам иштирок этган. Николсон Обамага ишга ўтишдан аввал Керрининг ёрдамчиси бўлиб ишлаган.


Zamin.uz нинг Google+’даги расмий каналига обуна бўлиб, янгиликлардан хабардор бўлинг.