22:52 / 23.01.2017
7 944

Шавкат Мирзиёев: “Тоза ичимлик суви бўлмаса, қанақа баркамол авлод бўлиши мумкин”

Шавкат Мирзиёев: “Тоза ичимлик суви бўлмаса, қанақа баркамол авлод бўлиши мумкин”

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва сифатини янада оширишга қаратилган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишиш, халқ билан учрашиш ва мулоқот қилиш мақсадида 20-21 январь кунлари Қорақалпоғистон Республикасида бўлгани ҳақида хабар берилган эди.

Қорақалпоғистондаги оддий аҳоли билан учрашиб, уларнинг истакларига қулоқ тутган Президент шу куннинг ўзида Қорақалпоғистонда Бош вазир ўринбосарлари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирокида йиғилиш ўтказиб, мавжуд муаммоларга очиқ кўз билан қараш фурсати етганини таъкидлади. Амалий натижани кўриш истагидаги давлат раҳбари қоғозларда қолиб кетаётган ҳисоботлар халқнинг яшаш шароити билан мос келмаслигини бот-бот такрорлади ва раҳбарларнинг фаолиятини кескин танқид қилди, деб ёзмоқда Qalampir.uz сайти.

Маълумки, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудуди тоза ичимлик суви билан таъминлаш ўта оғир бўлган ҳудуд саналади. Президент Шавкат Мирзиёев эртанги соғлом авлодни вояга етказиш айнан ичимлик сувидан бошланишига эътибор қаратиб, қорақалпоқ халқини тоза ичимлик суви билан таъминлаш масаласида амалга оширилиши керак бўлган ишларга тўхталди.

Президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга қуруқ қўл билан бормаганини айтар экан, Оролбўйи минтақасини ривожлантиришнинг 2017-2021 йилларга мўлжалланган давлат дастури тўғрисида Президент қарори қабул қилинганини маълум қилди.

Давлат раҳбари ўз маърузасида маълум қилишича, дастурга киритилган барча тадбирларнинг умумий қиймати 800,4 триллион сўмни ташкил этади. Бу тадбирларни амалга оширишни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш учун махсус фонд ташкил этилган.

Фонд ҳисобидан сув таъминоти тизимини ривожлантириш ва аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш имкониятини ошириш ҳамда санитария ва маиший чиқиндиларни қайта ишлашга жами 331,4 миллиард сўм йўналтирилади. Натижада Қорақалпоғистон Республикаси аҳолиси ичимлик суви таъминоти даражасини 2016 йилдаги 50,8 фоиздан 2021 йилда 74 фоизга етказиш имконини беради. Ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш натижасида 30 га яқин энг муҳтож аҳоли пунктлари шўр сувларни чуқурлаштирувчи асбоб-ускуналар билан таъминланади. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда аҳоли яшашининг санитар-гигеник шароитларини сақлаш мақсадида 23 та қаттиқ маиший чиқинидиларни ўз вақтида олиб чиқиб кетиш полигамларини махсус техника воситалари билан жиҳозлаш ва қулайликлар яратилади.

Қорақалпоғистондаги вазиятга “ёмон” деб таъриф берган Шавкат Мирзиёев бир нарсадан хурсанд бўлганини яширмади. “Ҳар гал Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ туманига келганимизда, тоза ичимлик суви билан боғлиқ масалада баландпарвоз гаплар айтиларди. Бугун Очилбой Жуманиёзович Раматов аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш масаласини ўз масъулиятига олиб, иш бошлади”, дейди Президент

Шавкат Мирзиёев ичимлик суви, аҳоли, айниқса, ёшлар саломатлигини сақлаш масаласига эътибор қаратар экан, бу масалага “Саломатлик, баркамол авлод, деймиз. Тоза ичимлик суви бўлмаса, қанақа баркамол авлод бўлиши мумкин...”, деб изоҳ берди.

Давлат раҳбари йиғилишда иштирок этган раҳбарлар ва ташкилотлар ходимларидан ўз ишига жиддий киришиш, муаммоларга панжа ортидан қарамасликни талаб этиб, Бош вазир ўринбосарларини яна бир бора аҳоли ичига кириб, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва ечим топишга, масъулиятни гарданига олишга чақирди.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Шавкат Мирзиёев: “Тоза ичимлик суви бўлмаса, қанақа баркамол авлод бўлиши мумкин”