16:41 / 25.01.2017
10 178

Шайx ҳазратларининг Францияда сўзлаган адолатли нутқлари (Албатта ўқинг)

Шайx ҳазратларининг Францияда сўзлаган адолатли нутқлари (Албатта ўқинг)

Аллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга беҳисоб салавоту дурудларимиз бўлсин!

Бир неча йиллар олдин Францияда мусулмонларнинг, хусусан, муслималарнинг кийинишларини чегаралаш тўғрисида қонун чиқарилди. Унда жамоат жойларида муслима аёлларнинг ўз динлари буйруғига мувофиқ кийиниб юришлари ман этилди. Бу эса дунё мусулмонлари ўртасида турли эътирозлар билан кутиб олинди. Ана шу пайтда Франция ҳукумати ўз юртида Дунё мусулмонлари кенгашининг уламоларини ва ҳамда дунёга машҳур бошқа алломаларни ҳам тўплаб, бир анжуман уюштирди. Ўша анжуманда устозимиз шайх ҳазратлари ҳам иштирок этган эдилар. Одатдагидек, сафардан қайтиб келганларидан сўнг у ерда бўлган баъзи бир таъсирли ҳолатларни бизларга ҳикоя қилиб берганлар. Ўшалардан бирини эслайлик:

«Анжуманда Франция ҳукуматиниг вазирларидан бири чиқиб, қабул қилинган мазкур қонунни ҳар тарафлама тушунтирди, унинг гўёки ижобий тарафларини бирма-бир санаб ўтди. Франция аҳолиси ушбу мамлакат қонунига бўйсунишга мажбур эканини ҳам таъкидлаб қўйди. Табиийки, мажлисда иштирок этаётган кўпчилик мусулмон уламолар мазкур қонунга нисбатан ўзларининг танқидий фикрларини билдирдилар. Баъзилари эса бу борада эътироз билдирмади.

Шунда «Менинг бир мулоҳазам бор, айтсам майлими», деб сўз олдим. Кейин уларга қарата сўзладим: «Мана, бир неча йиллар аввал Афғонистонни толибонлар гуруҳи эгаллаб олди. Улар Афғонистон аҳолисига ўз ҳукмларини мажбурлаб ўтказишди. Жумладан, ҳижоб киймаганларни жазолади, кўрган ва ушлаган жойида мажбурлаб ҳижобга киришини талаб қилди. Агар ўранмаса ёки қайсарлик қилса, шафқатсизларча жазолади.

Ўша пайтда Франция ҳукумати ҳам, бошқа сиёсатчилар, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари, қўйингки, ҳаммаларингиз толибонларнинг ишларини тўлиқ қораладингиз. Унга қарши курашиш учун барча чора-тадбирларни кўрдиларингиз ва «Бу демократияга мутлақо зиддир» деб айюҳаннос солдиларингиз, тўғрими?» десам, улар: «Ҳа, тўғри, шундай бўлган.

Ҳақиқатдан ҳам толибонлар инсон ҳуқуқларини поймол қилишди, зўравонлик ва мажбурлашни ўзларига шиор қилиб олишди» деб тасдиқлашди. Шунда уларга қарата: «Энди сизларнинг толибонлардан нима фарқингиз қолди? Улар аёлларни кийиниб юришга мажбурласа, сизлар ечиниб юришга мажбурлаяпсизлар. Иккаласи ҳам бир хил нарса эмасми?» дедим. Бу саволимга улар ҳеч қандай жавоб қайтара олмай, мум тишлаб қолишди».

Марҳум устозимиз шайх ҳазратларининг кўрсатган бу жасоратларини, дину диёнат ҳамда унинг қонун-қоидаларин и ҳимоя қилиш борасида қилган хизматларининг кўламини изоҳлашга ҳожат йўқ.

Исҳоқжон БЕГМАТОВ,

Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,
«Тўхтабой» жоме масжиди имом-хатиби,
«Олтин Қалам» ХI Миллий мукофоти соҳиби.

Манба: Diydoraziz.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Шайx ҳазратларининг Францияда сўзлаган адолатли нутқлари (Албатта ўқинг)