17:29 / 01.03.2017
7 614

Бир йил аввал 39 ёшли аёлнинг ўлимига сабаб бўлган ЙТҲ айбдори ҳамон ушлангани йўқ

Бир йил аввал 39 ёшли аёлнинг ўлимига сабаб бўлган ЙТҲ айбдори ҳамон ушлангани йўқ

2016 йилнинг 22 март куни Тошкент шаҳрининг “Бодомзор” маҳалласида рўй берган мудҳиш йўл-транспорт ҳодисаси анчагача муҳокамалар майдонининг асосий мавзуси бўлган эди. Бу ҳақда бундан чамаси бир йил аввал хабар берган эдик.

Унда ЙТҲга сабабчи бўлган Captiva автомобили ҳайдовчиси машинани юқори тезликда бошқариб, бир одамни уриб юборгани ва маҳалладаги Cobalt ҳамда Spark автомобилларига ҳам зиён етказгани ҳақида айтилганди. ЙТҲ 22 март куни соат 7:30 лар атрофида содир бўлган. Воқеага гувоҳ бўлганларнинг айтишларича, машинадан икки йигит ва бир қиз тушиб жуфтакни ростлашган.

Мазкур ЙТҲда 3 нафар фарзанднинг онаси бўлган 39 ёшли Насиба Қосимова оғир жароҳат олиб, шифохонага ётқизилган эди. Орадан кўп ўтмай аёл оламдан кўз юмди.

Бир ҳайдовчининг қалтис ҳаракати, уқувсизлиги, деб бир оилага дарз кетди. 3 фарзанд онасиз қолди.

Хўш, айбдор қўлга олиндими? У қонун олдида жавоб бердими? Бу саволлар мана бир йилдирки, ўз жавобини топмай келаётган эди. Куни кеча Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасида бўлиб ўтган йиғилишда “Qalampir” нашрининг мухбири ушбу савол билан ички ишлар органлари ходимларига мурожаат қилди.

Аҳмаджон Пўлатов, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси тергов бошқармаси бошлиғи ўринбосари:

— 2016 йилнинг 22 март куни “Бодомзор” маҳалласида қайд этилган йўл-транспорт ҳодисаси бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган. Жиноят иши бўйича сиртдан айблов эълон қилиниб, жиноятчи қидирувга берилган ва ҳозирда жиноят иши ҳаракатдан тўхтатилган. Айни дамда айблов эълон қилинган шахсни ушлаш чоралари кўрилмоқда.

Жиноятчининг яшаш жойи ва шахси тўлиқ аниқланган. Терговчи томонидан барча тергов ҳаракатлари олиб борилган. Жиноятчининг яқин қариндошлари билан мулоқоти ҳам текшириб борилмоқда. У ходимларимиз томонидан қўлга олингандан сўнг, яна қўшимча тергов ҳаракатлари олиб борилади ва жазо муқаррарлиги таъминланади.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ходимларининг маълум қилишича, мазкур ЙТҲ иштирокчиси бўлган Captiva автомобили ижарага олинган. Автомобиль эгасига нисбатан ҳам Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик кодексининг тегишли моддаларига кўра чора кўрилди.

Жиноятчи ким?

Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи ўринбосари Нодир Йўлдошевнинг маълум қилишича, автомобилни бошқарган йигит, яъни ҳозирда қидирувда бўлган жиноятчи касб-ҳунар коллежининг 2-курс ўқувчиси бўлган. Йигитнинг отаси бўлмаган, у ёлғиз онаси билан истиқомат қилган. Унинг хатти-ҳаракатлари Маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам кўриб чиқилган. Тергов жараёнларида ЙТҲ юз берган сўнг, жиноятчи уйига ҳам келмагани аниқланган.

ЙТҲ юз берганидан сўнг, автомобилнинг салонидан Тошкент банк касб-ҳунар коллежининг 2-курс ўқувчиси бўлган қизнинг ўқувчилик гувоҳномаси топилган. Маълум қилинишича, қиз шу куни автомобиль ичида бўлган. Мазкур ЙТҲ юзасидан қиз ҳам тергов қилиниб, унинг масаласи ҳам маҳалла фуқаролар йиғинида кўриб чиқилган.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Бир йил аввал 39 ёшли аёлнинг ўлимига сабаб бўлган ЙТҲ айбдори ҳамон ушлангани йўқ