20:41 / 10.04.2017
6 445

Гулистонда 72 ёшли онахон пенсияга навбатда турганида вафот этди

Гулистонда 72 ёшли онахон пенсияга навбатда турганида вафот этди
6 апрель куни тушдан кейин Гулистон шаҳрида пенсиясини олиш учун навбатда турган 72 ёшли пенсионер Мария Худойқулова тўсатдан вафот этган. Буни «Кун.uz»га Гулистон шаҳар ҳокимлигида ҳам, М.Худойқулова пенсиясини олиш учун борган жой — «Навбаҳор» маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам тасдиқлашди, деб ёзади "Кун.уз" нашри.

Воқеа гувоҳларининг айтишича, учта маҳаллада яшовчи пенсионерларга «Навбаҳор» маҳалла фуқаролари йиғинига — пенсиясини нақд пулда олиб кетиш ҳақида эълон қилишган. Пенсия олиш учун юздан ортиқ қариялардан иборат навбат ҳосил бўлган. «Тараққиёт» маҳалласида яшовчи, 1945 йилда туғилган М.Худойқулова навбатда ҳосил бўлган тиқилинчда нафаси қайтиб, юрак хуружига дучор бўлган. Унинг атрофдагилар ёрдам қўлини чўзишган ва «тез ёрдам» машинасини чақиришган, бироқ шифокорлар етиб келганида онахоннинг жони узилиб бўлган эди.

М.Худойқуловнинг ўғли Дамир онаси шу йилнинг январида юрак хасталиклари шифохонасида даволанганини айтиб ўтган.

М.Худойқулова вафот этган жой — «Навбаҳор» маҳалласи раиси унинг ўлимига ҳеч қандай алоқаси йўқлигини, чунки марҳума «Тараққиёт» маҳалласида яшаганини айтган бўлса, «Тараққиёт» маҳалласи раиси навбатдаги тиқилинч «Навбаҳор» маҳалласида юз бергани ва бунга ўзларининг алоқаси йўқлигини, ўлим ҳолати юз берганини бошқалардан эшитишганини айтиб ўтган.

Гулистон шаҳридаги пенсионерларга пенсия тарқатиш учун жавобгар бўлган банк ходими эса бахтсиз ҳодисада маҳаллалар раисларини айблаган.

Унинг сўзларига кўра, шу вақтгача гулистонлик пенсионерларга пенсиялари почтальонлар томонидан етказилган ёки почта алоқа бўлинмаларида тарқатилган. 1 апрелдан бошлаб шаҳарда пенсия тарқатишни «Халқ банки» ўз зиммасига олган. «Халқ банки» ходими 6–8 апрель кунлари шаҳарнинг «Навбаҳор», «Сайқал», «Тараққиёт» маҳаллаларида яшовчи пенсионерларга пенсия тарқатилишини билдириб, маҳалла фуқаролар йиғини раисларига билдиришнома жўнатишган.

Бу уч маҳаллада 1290 нафар пенсионер истиқомат қилади.

Банк доимо бир нафар кассирни қария ва бемор пенсионерларнинг пенсиясини уйига элтиб бериши учун сафарбар қилади, маҳалла фуқаролари йиғини бундай пенсионерларнинг рўйхатини банкка тақдим этади. Афтидан, бундай рўйхатга марҳума М.Худойқулова киритилмай қолганга ўхшайди ва унинг ўзи қўшни маҳаллага пенсиясини олиш учун борган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Гулистонда 72 ёшли онахон пенсияга навбатда турганида вафот этди