10:01 / 25.04.2017
7 308

Яхшилик эвазига буюк инсон бўлиб етишган бола

Яхшилик эвазига буюк инсон бўлиб етишган бола
Йигирманчи асрнинг бошларида шотландиялик фермер ботқоқлик ёнидан ўтиб, уйига кетаётганда ёрдам сўраб бақираётган овозни эшитди. У овоз келган томонга борганда ботқоқликка ботиб қолган болани учратди. Бола қўрқинчли ботқоқ чангалидан чиқишга, қутулишга ҳарчанд ҳаракат қилмасин, бунинг иложини тополмас эди. Унинг ҳар бир ҳаракатидан кейин ботқоқлик уни янада ўз домига тортарди. Бола қўрқув ва иложсизликдан баттар нола қиларди. Фермер йўғонгина дарахт шохини синдириб, уни болага узатди. Бола шохга осилиб, ажал комидан чиқди. У ботқоқликдан чиққандан кейин ҳам анчагача ўзига келолмай, кўз ёши тўкди, энг асосийси у тирик қолди!

— Юр, меникига, кийимларингни ювиб, қуритиб оласан, ўзингга келганингдан кейин уйингга кетасан, — деди фермер.

— Йўқ, —деб бош чайқади бола, — мени отам кутяпти, кеч қолганимга хавотирланиб ўтирган бўлса керак.

У ўзини ўлимдан қутқарган одамга миннатдорчилик билдириб, чопиб кетди...

Эртаси куни тонгда фермернинг уйи олдига зотдор отлар қўшилган, муҳташам арава келиб тўхтади. Ундан жуда башанг кийинган жаноб тушди:

— Кеча сиз ўғлимнинг ҳаётини сақлаб қолдингизми?

— Ҳа, мен, — деб жавоб берди фермер.

— Хизматингиз учун сизга қанча ҳақ тўлашим керак?

— Жаноб, хафа қиляпсиз, ҳеч нима керак эмас. Менинг ўрнимда бўлган ҳар қандай ақли расо одам шундай йўл тутган бўларди.

— Йўқ, буни шундай қолдира олмайман, чунки ўғлим бу дунёдаги энг қимматбаҳо бойлигимдир. Истаган пул миқдорини айтишингиз мумкин, — гапида туриб олди эркак.

— Бу мавзуда бошқа гапиришни истамайман. Хайр!

Фермер кетиш учун ортига қайрилди, шу пайт ўғли югуриб келиб отасини қучди.

— Ўғлингизми? — деб сўради бадавлат меҳмон.

— Ҳа, — деди фермер, фахр билан боласининг бошини силар экан.

— Унда бундай қиламиз. Мен таълим бериш учун ўғлингизни Лондонга олиб кетаман, ўқиш ҳақини ўзим тўлайман. Агар у ҳам отасига ўхшаган бағрикенг, олижаноб инсон бўлса, мазкур қароримиздан афсусланмаймиз, деб ўйлайман.

Орадан йиллар ўтди. Фермернинг ўғли мактабни, кейин тиббиёт университетини битириб, дунёга машҳур инсон бўлиб етишди, номи тарих зарварақларига “пенцилинни ихтиро қилган одам”, деб битилди. У Александр Флемминг эди.

Кунлардан бир кун Лондоннинг энг қиммат клиникасига ўша жанобнинг зотилжамнинг оғир турига учраган ўғли келтирилди. Бу сафар унинг ҳаётини ким сақлаб қолди, деб ўйлайсиз? Албатта, Александр Флемминг ихтиро қилган пенициллин сақлаб қолди. Флеммингнинг таълим олишига ёрдам берган одамнинг исми Рандольф Черчилль, ўғли эса кейинчалик Англия бош вазири лавозимига кўтарилган Уинстон Черчилль эди.

Манба: darakchi.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Яхшилик эвазига буюк инсон бўлиб етишган бола

Жамият янгиликлари