Юр, болам, тўйга борамиз! » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Юр, болам, тўйга борамиз!

Жамият 19-05-2017, 14:10 829
Юр, болам, тўйга борамиз!
Ўзбек халқи азалдан болажонлиги билан машҳур. Айниқса, ўзбек аёли нима топса, боласига тутади, яхши нарсаларнинг ҳаммасини боласига илинади. Болам, болам, деб дунёни унутади.

Аммо боласига меҳр кўрсатишда ҳаддидан ошмаяптимикан?

Хислатми ёки иллат?
Ўзбек аёли ўзи билан тўй-маъракаларга аввал кичкина фарзандларини, кейин невараларини эргаштириб юриши ҳаммага маълум. Ана шу нарса, яъни аёллар болаларини ёки невараларини тўйма-тўй, маъракама-маърака етаклаб юриши яхшими ёки ёмонми? Бу нарса аёллар хатти-ҳаракатидаги хислатми ёки иллатми?

Албатта, бир қарашда бунинг ҳеч бир ёмон томони йўқдай. Бу ўзбек аёлининг болажонлиги, боласига, кейин боласининг боласига меҳри беқиёслиги сифатида баҳоланиши мумкин. Бу нарса ўзбек аёлининг хислати, дегувчилар ҳам топилади.

Биз ҳам меҳр томон, муҳаббат томонмиз. Аммо меҳр-муҳаббатда ҳам меъёр томонмиз.
Нега меъёр ҳақида сўз очдик? Меҳрнинг ҳам меъёри бўладими?
Меҳрда, мурувватда, муҳаббатда меъёр ҳам йўқ, оналаримиз меҳру муҳаббатининг чегараси ҳам йўқ.
Аммо бугунги кунда акасарияти базмгоҳларда, ресторанларда ўтаётган тўйларга, маъракаларга бола етаклаб боришда меъёр бор.

Бу нарса шаҳарларда кўп кўзга ташланмайди, лекин қишлоқларда, шаҳардаги ресторанда ўтаётган қишлоқликларнинг тўй-маъракаларида яққол кўзга ташланмоқда. Бу нарса ресторан хизматчилари, айниқса, тўй-маърака соҳибига жуда кўнгилсиз ноқулайлик туғдирмоқда. Тўй эгасини аксарият ҳолларда хижолатли аҳволга солиб қўймоқда.

Қандай қилиб?
Биринчиси. Тасаввур қилинг, тўй эгаси уч юз кишини таклиф қилган ва ресторан хўжайини билан 300 кишига жой тайёрланиши, шунча кишига хизмат кўрсатилишини келишиб олган. Айтайлик, меҳмонларнинг 150 таси аёллар бўлиши кўзда тутилган. Энди 150 аёлнинг 100 таси биттадан бола еткалаб келса, нима бўлишини кўз олдингизга келтириринг! Ваҳоланки, қишлоқларда камдан кам аёл тўйга боласиз келмоқда. Ўз-ўзидан меҳмонлар сони 400 тага етдими? Тўйхонада ҳар бир ўрин ҳисобда. Аммо аёллар ҳаммадан олдин кириб, ёнидаги стулни банд қилиб, боласини ўтқизиб олган. Тўйхонага аёллардан кейин келган меҳмонлар, баъзан нуфузли меҳмонлар тик туриб қолишадими? Тўй эгаси нима қилади? “Бош ёрилса, қалпоқнинг остида”, дейди ва ресторан хўжайинига шошилинч равишда яна 100 та жой ҳозирлашни буюради. Ҳар битта жойнинг пули қанча бўлишини эса, сизга эслатишнинг ҳожати бўлмаса керак. Ўртачасини олсак ҳам, бу 100 та қўшимча жой тўй эгасининг чўнтагига қўшимча ўн-ўн икки миллион сўмлик зарар келтиради.

Иккинчиси. 300 кишига мўлжаллаб тайёрланган таомлар, табиийки, 400 кишига етмайди. Шошилинч тарзда қўшимча таомларга буюртма берилади. Бу қўшимча таомни тайёрлашга ошпазлар баъзида улгуришса, баъзида улгуришмайди. Бу кўнгилсизлик устига кўнгилсизликни келтириб чиқаради. “Бола нимани ерди?” деманг, ўзи емаса ҳам топгани боласининг оғзига тиқадиган аёлларнинг “шарофати” билан ўша болалар катта одамдан ҳам кўп нарсани еб қўйишганини билмай қолишади…

Учинчиси. Энг ёмони. Тўйхонада барча ўриндиқлар банд эканини кўрган фаросатли меҳмонлар тўй эгасини табриклаб, бирданига ортларига қайтишади. Ҳатто тўй эгаси интиқ кутган нуфузли меҳмонлар ҳам бир баҳона топиб, тўйхонага кирмасликка, тўй эгасини хижолат қилмасликка уринишади.

Натижа. Натижа шуки, қўшимча пул тўлаб, қўшимча асаби зўриқиб, кўнгли хира бўлиб, тўй эгаси ва тўйхона хизматчилари интиқ кутилган меҳмонларга эмас, хотинлар етаклаб борган юзлаб бола-бақрага хизмат қилади.

Ўригининг данаги
Бир қариндошимиз бор. Ҳеч ёлғиз юрмайди. Тўй-маърака тугул бир иш билан келса ҳам, албатта, “думи” бўлади. Яқинда қаттиқ шамоллаб қолибди, бизникида туриб, врачларга кўринишни, даволанишни истабди. Келганидан хурсанд бўламиз, аммо тинимсиз йўталиб ётган ҳолида ҳам бир неварани эргаштириб олгани асабимга тегди. “Гўдакка касалингизни юқтиришингиз мумкин, шуни ташлаб келсангиз нима қиларди?” десам, сенинг болаларга меҳринг йўқ, деб ўзимни ёзғирди. Энди ўзинг “пўккиллаб” турганингда ҳам неварангни етаклаб олганинг меҳр эмас-да.

Яна бир қариндошимиз бор. Эркак бўлишига қарамасдан аёллардан ҳам болапарвар, неварапарвар. Қайсимиз тўй қилсак, битта столни у киши учун алоҳида ажратиб қўямиз. Нечта невараси бўлса, ҳаммасини олиб келиб, ўзи ҳар бирининг оғзига у-буни тутиб ўтиради. На биров билан иши бор, на келган-кетганга “Хуш келдинг” қилади. Етти-саккизта неварсани едириб-ичириб, шуларни хурсанд қилиб кетса, бўлди. Яна қолган-қутган нарсаларни невараларнинг чўнтагига жойлаб қўйишни ҳам унутмайди. Бир сафар тўй номдор ресторанда бўлиши, жойлар чеклангани, ҳар бир жой фалон сўмлигини айтиб, невараларини олиб келмаслигини тайинласак, ўзининг невараларига қўшиб, қўни-қўшниларининг ҳам невараларини олиб келибди…

Бу сингари одамлар шу билан боламга ё неварамга меҳр кўрсатаяпман, демоқчи бўлсалар керак. Мен буни аввало, аёллар ўзларидан олдин ўтган ҳамма момолар шундай қилгани учунгина қилишади, деб ўйлайман. Қолаверса, “Фалончи невараларга жуда меҳрибон-да” деган номни олиш учун қилишади, деб ўйлайман. Чунки худди ўша одамлар тўй-маъракадан ташқарида, ўз уйларида худди ўша невараларини қандай силкилаганларига, ҳатто арзимаган айблари учун юзларига шапалоқ тортиб юборганларига кўп бора гувоҳ бўлганман.

Аёлар “Ўригидан данаги ширин” деб ўзларининг ҳатти-ҳаракатларини хаспўшлашга уринадилар. “Қариндошнинг тўйига келсин-да, эслаб юришади”, ҳам дейишади. Тавба, учга ҳам кирмаган гўдаклар уч йилдан сўнг нимани эслашади? Онасининг қучоғида келиб, қучоғида кетган бирга ҳам кирмаган гўдак қариндошни қаердан билсин?

Мен етти-саккиз ёшлардаги кап-катта ўғлимни кўрсин, билсин деган мақсадда Тошкентга самолётда олиб бориб, шаҳарни айлантириб, метроларга тушириб, ҳайвонот боғларига олиб бориб, поездда олиб қайтганман. Ҳозир на самолётни, на поездни, на метрони эслайди. Тошкентга қилган саёҳатидан эсида қолгани ҳайвонот боғида филни кўргани экан.

Муҳтарама аёллар, тўйда фил йўқ! Демак, сиз эсида қолади деган тўйдан ҳеч нарса эсида қолмайди фарзандингизнинг!

“Тўйларга боламизни олиб бормасак, улар келиб кетмаса, болаларимиз бир-бирини танимайди, натижада қариндошлик ҳам узилиб кетади”, деб баҳона қилманг, аёллар! Қариндошлик ришталари фақат тўйда мастаҳкамланмайди.

“Данак”ка нима зиён?
Вояга етмаган, онасига эргашиб тўйга келган ўша “ўрикларнинг данаклари” тўйдан нима олишади? Нима йўқотишади?

Барчангиз гувоҳи бўлгансиз, тўй-ҳашамда ўша “данак”лар тўйнинг аввалидан охиригача оёқ остида ўралашиб юришади. Баъзан меҳмонларга, баъзан тўйхона хизматчиларига халақит беришади. Устига овқат тўкилиб кетган болаларни ҳам, болаларга тўқнашиб, косаларни патниси билан ағдариб юборган хизматчиларни ҳам кўп кўргансиз.

Энг ёмони, пулдор бойваччалар раққосанинг ёки ҳофизнинг устидан пул сочганда кўринг томошани! Ҳалиги болалар ерга тушган пулларни териб олиш учун тўйхонадаги барча болалар ўзларини одамларнинг оёғи остига ташлайдилар. Пул талашиб, бир-бирлари билан уришиб ҳам кетишади.

Болаларнинг ҳар бири қанча пул терганини намойиш қилиб, мақтаниб, бу пулларни оналарига келтириб беришади. Аёллар эса, “Ундай қилма, одабли бўлиб ёнимда ўтир, биз тўйдан пул тергани келганимиз йўқ”, дейишадими? Асло! “Баракалла, янада кўпроқ тер, бу сафар ҳушёр бўлиб тур, сочилган пуллар ерга тушмасданоқ териб олишга ҳаракат қил!” дейишади. “Мановисидан яна ўнта териб келсанг, янги кўйлак олиб бераман”, дейдиганлари ҳам топилади. Пул теришда ёрдамлашадиганлари ҳам йўқ эмас…

Бу болаларнинг “топганлари”. Энди йўқотганлари ҳақида.

Вояга етмаган болалар тўйда мастни кўради, аластни кўради, одоби бузилади.

Болалар тўйда бойваччаларнинг пул сочишларини кўришади, нафси бузилади.

Болалар тўйда яримялонғоч беҳаё раққосаларнинг нағмаю карашмаларини, уларнинг олидига тушиб олиб, қилиқ кўрсатишда улардан қолишмайдиган беодоб эркакларни кўришади, хулқи бузилади.

Болалар баъзан ўзини етаклаб борган онасини уйларига “етаклаб” келади, онажон маст бўлиб қолади-да. Боланинг онага муҳаббати йўқолади, ўзича “меҳр кўрсатмоқчи” бўлган онага нисбатан юрагининг туб-тубида нафрат пайдо бўлади.

Болалар тўйда одамларнинг, аёлу эркакларнинг бехижолат ва бемеъёр ичганини, чекканини кўради, ёмон ибрат, ёмон намуна олади, тарбияси бузилади.

Ўнгсўз ўрнида
Азизлар, бу мавзуда аввал ҳам ёзганмиз, яна ёздик.
Энди сизга битта савол: шунча гапдан кейин ҳам бола-чақангизни, невара-чевараларингизни тўйга эргаштириб борасизми?
Бу менга салбий ҳолат бўлиб кўринаётгандир, аслида, бу сизнингча ижобий хислатдир?
Сиз нима дейсиз?

Шу мавзу юзасидан менга ёзинг!

Манба: hilol.uz
loading...


Zamin.uz нинг Google+’даги расмий каналига обуна бўлиб, янгиликлардан хабардор бўлинг.