20:10 / 19.05.2017
8 435

Ўқимай бойиган 5 миллиардер

Ўқимай бойиган 5 миллиардер
Миллиардерлар орасида дипломсизлари оз эмас. Билл Гейтс, Стив Жобс, Марк Цукерберг – уларнинг бари бизнесни танлаб, университетни ташлаб кетишган. Бироқ бадавлатлар ичида ҳатто мактабни тугатмаганлар ҳам учраб туради. Улардан баъзилари тадбиркорликни эрта бошлаб юборган, айримлари эса оиласини боқиш учун ишлашига тўғри келган, хуллас, уларга мактаб партасида охирги синфгача ўтириш насиб этмаган.

Амансио Ортега, Inditex компанияси асосчиси
Бойлиги: $71,3 млрд

Zara, Massimo Dutti, Oysho брендларининг соҳиби бўлмиш Ортего мактабни 13 ёшида ташлаб кетган. Отаси темир йўлда ишлар, онаси ҳам оддий хизматчи эди, шунинг учун оиласи етишмовчиликдан қийналарди.

Аввалига Ортега тикувчига шогирд тушди. У арзон материаллардан ҳамма сотиб олишга қурби етадиган кийимлар тикишга эътибор қаратди. 1975 йилда хотини билан бирга биринчи Zara дўконини очди. Шундан кейин тез орада даромади орта бошлади.

Ли Кашин, Cheung Kong Group компанияси раҳбари
Бойлиги: $31,2 млрд

Осиёнинг энг бой одамларидан бири ҳисобланувчи Ли Кашин ўқитувчи оиласида туғилган. 14 ёшида отаси сил касаллигидан вафот этди ва Кашин мактабни ташлаб, ишлашига тўғри келди. Аввалига соатлар учун тасмалар сотиб юрди, кейин пластмасса гуллар ишлаб чиқарадиган фабрикага жойлашди.

Ли Кашин 16 соатлаб ишлаб, етти йил деганда озроқ дастмоя жамғаришга муваффақ бўлди ва пластик заводини очди. Тез орада унинг ишлари ривожланиб кетди. Ли Кашин ўқимаган бўлса-да, у асос солган хайрия жамғармаси ўқув муассасаларини қўллаб-қувватлаш учун йилига миллионлаб доллар эҳсон қилади.

Франсуа Пино, Kering компанияси раҳбари
Бойлиги: $20 млрд

Бир пайтлар Франсуа Пино ўқиганлиги ҳақидаги ягона ҳужжат – бу ҳайдовчилик гувоҳномаси эканлигини эътироф этган эди. Франциялик миллиардер 16 ёшида мактабни ташлаб кетган ва ўқишни давом эттириш ҳақида бошқа ўйламаган. Биринчидан, ўқиш унга ёқмасди. Иккинчидан, синфдошларининг унинг паст табақадан эканлигини айтиб кулишлари ёқмас эди. Учинчидан, ҳеч қайси мактаб одамни тадбиркор сифатида шакллантинмайди, деган қарорга келганди. У ўз принципларига амал қилди ва Франциянинг энг қудратли кишиларидан бирига айланди.

Жо Льюис, Tavistock Group асосчиси
Бойлиги: $5,7 млрд

Лондонлик Жо Льюиснинг отаси кичик кейтеринг (таом ташиш) фирмасини бошқарар эди. Ўғли 15 ёшга тўлганида, уни ёнига олишга қарор қилди. Шу тариқа Жо дарсликларни ташлаб, официант пешбандини тақилишига тўғри келди. Оила бизнесини ўз қўлига олганидан кейин у эътиборини валюта операциялари ва инвестициялашга қаратди.

Ҳозир Жо Льюиснинг 150 дан ортиқ компанияларда улуши, 135 та ресторани бор. У тасвирий санъат асарларини яхши тушунади, коллекциясида Пабло Пикассо, Анри Матисс, Люсьен Фрейд ва Фрэнсис Бэкон мўйқаламига мансуб асарлар бор. Экспертларнинг тахминича, коллекциянинг нархи миллиард доллар атрофида.

Ричард Брэнсон, Virgin Group корпорацияси соҳиби
Бойлиги: $5,1 млрд

Дарсларни кўп қолдиргани учун уни 16 ёшидан мактабдан ҳайдашган. Брэнсон баҳоларининг пастлигини дангасаликка эмас, дислекцияга йўяр эди: у матнларни ўқишга қийналарди. Мактаб директори уни ҳайдаётиб шундай деган экан: «Алвидо, Ричард. Сен ё турмага тушасан, ёки жуда бойиб кетасан».

У вақтда Брэнсон аллақачон тадбиркорликни бошлаб юборган эди: Янги йил арчалари ва тўтиқушлар етиштирар эди. Синфдошлари мутолаага берилган пайтда у ўзининг илк йирик лойиҳаси – Student ёшлар журналига асос солган.

Манба: hilol.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўқимай бойиган 5 миллиардер