23:36 / 20.05.2017
11 581

Қозоғистонда ҳақиқий қаҳрамон сифатида олқишланаётган қиз аслида қотил бўлиб чиқди…

Қозоғистонда ҳақиқий қаҳрамон сифатида олқишланаётган қиз аслида қотил бўлиб чиқди…
Шимолий Қозоғистон вилоятида яшовчи Ксения Шестоперова «Фавқулодда вазиятда жасурлиги учун» медали билан тақдирланган ва у мамлакат бўйлаб росмана қаҳрамон сифатида эъзозлаб келинаётганди. Аммо қизнинг миси чиқиб қолди. Ксения бундан беш йил бурун қўшни эркакни сўйиб ташлаб, жасадни томорқага кўмиб юборган ва бу ҳақда ҳеч кимга лом-мим демаган экан. Ўшанда Ксениянинг ёши 24 да эди. 25 ёшида дарёга чўкаётган 40 ёшли эркакни соҳилга олиб чиққани учун мамлакат қаҳрамонига айланди.

Прокурорларнинг айтишича, қўшнисини сўйиб қўйган-у, жабрланувчи ҳали ўлмаган чиққан. Ксения айби ошкор бўлишидан қўрқиб, эркакнинг бошига тўмтоқ буюм билан бир неча марта зарба берган. Хуллас, уни ўлдирган. Қарангки, ўшандан бери ота-онасини ҳам чин дунёга кузатди. Пиёнисталикка берилди. Натижада жигари ишдан чиқди. Жинояти ҳам худди шу пиёнисталиги туфайли ошкор бўлди. Кайфда билмасдан шишадошларидан бирига гуллаб қўйганди. Улфат зудлик билан полицияга хабар берди.

— Мен қўшни эркакни ўлдиргач, — дейди Ксения терговда. — Мурдани қопга жойладим-да, уйимизнинг орқасидаги томорқага олиб чиқдим. Томорқамизда чуқур бор эди. Ўша чуқурга ташлаб устига тупроқ тортдим…

Суд адолатли ҳукм чиқарди. Қаҳрамон қотил Ксения Шестоперова 7 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Жазони интизом кучайтирилган колонияда ўтайдиган бўлди. Суд унга берилган медални тортиб олиш ҳақида алоҳида қарор қабул қилди.

Манба: hordiq.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Қозоғистонда ҳақиқий қаҳрамон сифатида олқишланаётган қиз аслида қотил бўлиб чиқди…