00:21 / 28.05.2017
13 009

Рамазон ойидан олинадиган 5 та энг катта фойда

Рамазон ойидан олинадиган 5 та энг катта фойда
Аллоҳ Қуръони Каримнинг Бақара сураси 183-184-оятларида шундай марҳамат қилади: “Эй иймон келтирганлар, тақволи кишилар бўлишингиз учун сизлардан олдин ўтганларга фарз қилингани каби сизларга ҳам саноқли кунларда рўза тутиш фарз қилинди. Энди сизлардан бирор киши касал ёки мусофир бўлса, у ҳолда (рўза тутолмаган кунларининг) саноғини бошқа кунларда тутади”.

Оятнинг сўзларига эътибор қаратадиган бўлсак, Рамазон ойидаги кунлар саноқли, чегараланган. Бундан келиб чиқадики, мана шу кунларда ҳар бир инсон яхши амалда бўлиши, қалбини поклаши ва қилган гуноҳлари учун тавба этиши зарур. Чунки ушбу муборак ойнинг кунлари саноқли, унинг ҳар бир кунига ёғдириладиган барака, яхшилик ва омонлик доимий эмас.

"Баҳжатул анвар" китобида қуйидагича нақл келади: Рўзани ўттиз кун қилиб белгиланишидаги ҳикмат шуки, айтишларича отамиз Одам жаннатда ўзларига ман қилинган дарахт мевасидан еб қўйгач, у емиш ўттиз кун қоринларида қолди. Сўнгра Аллоҳга тавба қилдилар. Шунда Аллоҳ унга ўттиз кеча-кундуз рўза тутишни буюрди. Чунки дунёнинг лаззати тўрттадир. Биринчиси ейиш. Иккинчиси ичиш. Учинчиси жимоъ. Тўртинчиси уйқу. Бу лаззатлар бандани Аллоҳдан тўсувчидир. Аллоҳ таоло Ҳазрати Муҳаммадга (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ва у зотнинг умматларига фазл-карами билан фақат кундуз куни рўза тутишни фарз қилиб, кечқурунда еб-ичишга рухсат берди.

Шу сабабдан инсон Рамазон ойида ўзи учун, охирати учун зарур бўлган фойдаларни билиб олиши керак. Аслини олганда ушбу ойда олинадиган фойдалар жуда кўп, чунки Яратганнинг ўзи бу ойда қилинган ҳар бир яхши амалга минг савоб қўшиб ёзади. Қуйида келтириладиган фойдалар эса ана шуларнинг энг аълоси ва эътибор қаратиладиган тавсиялардир.

1. Гуноҳларнинг мағфират қилиниши

Инсон боласи бор-ки, билиб ёки билмасдан гуноҳга қўл уради. Аммо барча ҳам бу қилган ишига астойдил тавба қилмайди. Кўнгли ғаш бўлсада, яна ўз ҳаёти йўлида давом этиб кетаверади. Рамазоннинг энг катта фойдаларидан бири – шу ойда астойдил тавба қилишдир. Чунки "Зубдатул воизийн" китобида қуйидаги ҳадис келтирилади: Абу Ҳурайра (р.а.) Пайғамбаримиздан (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ривоят қилган ҳадисда айтилганки: “Ким Рамазон ойи рўзасини иймон ва ихлос билан тутса, унинг олдинги гуноҳлари кечирилади”. Демак бу жуда катта имконият, ана шу имкониятдан фойдаланиб ҳам гуноҳлардан покланиш, ҳам савобга эга бўлиш мумкин.

2. Аллоҳнинг ўзидан мукофот олиш
Бу дунёда қилинган ҳар бир яхши ният, яхши амал учун охиратда бандаси мукофотланади. Қилган яхшилигига кўра, унга ажр берилади. Аммо рўзадорнинг мукофотини Аллоҳнинг ўзи беради. Тасаввур қилиш учун айтиш мумкинки, бу ҳудди ҳаётий дунёда мамлакат подшоҳининг шахсан ўзидан мукофот олгандек. Қиёматда бутун инсоният ичида Аллоҳнинг шахсан ўзидан мукофот қабул қилиш банданинг саодатидан нишонадир. Бунинг учун ихлос ва иймон билан рўза тутиш зарур бўлади. Шунинг учун ҳам рўза банда ва Раббининг ўртасидаги хос ибодат деб айтилган. Аллоҳ таоло рўзага ажр бериш ёлғиз ўзига тааллуқли эканини айтди, яъни: "Рўза Менинг учундир. Мукофотини ўзим бераман", деди.

Абул Ҳасан: “Мукофотини ўзим бераман”, деган сўзга шарҳ айтиб шундай дедилар: “Ҳар бир тоатнинг мукофоти жаннатдир, рўзанинг мукофоти эса, Аллоҳнинг ўзига йўлиқиш, Аллоҳга назар солиш ва Аллоҳнинг унга назар қилиши ҳамда У билан элчи ва таржимонсиз гаплашишдир...”, деганлар.

3. Дуоларнинг қабул бўлиши

Дуо – Аллоҳ томонидан бандаларига берилган улуғ неъматдир. Уламоларнинг айтишига қараганда, инсон тақдирини дуодан бошқа ҳеч нарса ўзгартира олмайди. Шу сабаб ёши улуғларимиздан, масжиддаги жамоатдан доимо дуо олишга интилиб келамиз. Чунки кимнинг дуоси қабул бўлишини Яратгандан ўзга ҳеч ким билмайди. Аммо Рамазон ойида ихлос билан қилинган дуо Аллоҳ даргоҳига етиб боради ва мустажоб бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Уч кишининг дуоси қайтарилмайди: адолатли имом, рўзадор то ифтор қилгунича ва мазлумнинг дуоси”. Ибн Можа, Термизий, Аҳмад ибн Ҳанбал, Байҳақий, Ибн Ҳиббон, Таёлисий, Ибн Хузайма ва Исҳоқ ибн Роҳавайҳлар ривояти.

4. Моддий бойликни кўпайтириб олиш

Рамазон ойида киши ўз бойлигини кўпайтириб олиш имкониятига эга бўлади. Қандай қилиб? Закот бериш йўли билан. Закот садақа кабидир. Садақа эса, ҳадисларда таъкидланганидек, сув оловни ўчиргани каби гуноҳларни ўчиради. Ёки Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек, «Бирон-бир садақа молни камайтирган эмас!». Аллоҳ ночорларга берилган закот ўрнини минг ҳисса қилиб қоплайди ва у молга барака бериб қўяди.

5. Қадр кечаси

Рамазон ойида бир кеча бор-ки, унинг тафсири, фазилати ва фойдаси ҳақида қанча гапирса шунча оз. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинади. У зотга ўзларидан олдинги одамларнинг умрлари кўрсатилди ёки шунга ўхшаш Аллоҳ хоҳлаган нарсаларни. Бас, у зот ҳудди ўз умматларининг умрларини қисқа, бошқалар умрлари узунлиги ила етган амалларга ета олмайдиган деб билганга ўхшадилар. Шунда, Аллоҳ у зотга Лайлатул Қадрни минг ойдан яхши қилиб берди». Имом Молик ривоят қилган.

Демак бу ҳам Яратганнинг мўмин-мусулмонларнинг фойдасини кўзлаб қилган иродаси, бандаларига берган яна бир неъматидир. Ана шу неъматлардан фойдаланиш фақат ва фақат инсоннинг ўзи учун фойдалидир.

Барчамизга Рамазон ойини иймон ва ихлосда ўтказиш насиб этсин.

Сарвар Анвар ўғли

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Рамазон ойидан олинадиган 5 та энг катта фойда