17:33 / 29.05.2017
5 473

Абдулазиз Комилов ТИВдаги камчиликларни санади

Абдулазиз Комилов ТИВдаги камчиликларни санади
Олий Мажлис юқори палатасининг 27 май куни бўлиб ўтган навбатдаги ялпи мажлисида Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Сенат олдида ҳисобот берди, дейди Kun.uz нашри. У сусткаш элчилар, масъулиятсиз раҳбарлар ва чет тилини яхши билмайдиган элчихона ходимларини ТИВдаги камчиликлар сифатида санаб ўтган.

«Миллий иқтисодиётга хорижий инвестициялар ва илғор технологияларни жалб этиш бўйича амалга ошираётган саъй-ҳаракатларига қарамасдан, Ташқи ишлар вазирлиги ва чет эллардаги ваколатхоналаримизнинг хорижда мамлакатимиз иқтисодий манфаатларини илгари суриш бўйича ишларини етарли, деб ҳисоблаб бўлмайди», деган Комилов.

Вазирнинг сўзларига кўра, ишлар бўш ташкил этилгани, раҳбарият топшириқлари ижросига нисбатан фаолиятсизлиги ва сусткашлиги учун 7 нафар элчи вазифасидан озод этилди. Хизмат вазифаларини бажаришдаги масъулиятсизлиги учун йил бошидан буён Ташқи ишлар вазирининг уч нафар ўринбосари ва икки нафар бошқарма бошлиғи қатъий ҳайфсан олди.

У қуйидагиларни Ўзбекистоннинг дипломатия ваколатхоналари ишларидаги асосий камчиликлар сифатида қайд этди:

– жамоа бошқарилишининг паст даражаси ва чет эл сармояларини жалб этиш ҳамда ташқи бозорларга экспорт ҳажмларини ошириш бўйича тўғридан-тўғри вазифаларининг бажарилиши юзасидан ходимларга нисбатан талабчанликнинг йўқолгани;

– ваколатхона фаолият кўрсатаётган бизнес доиралари билан алоқаларни йўлга қўйиш, қўллаб-қувватлаш ва кенгайтириш бўйича ишларнинг қониқарсизлиги;

– ваколатхона фаолият кўрсатаётган давлатдаги ижтимоий-иқтисодий вазият ҳамда иқтисодиёт тармоқлари ривожланиши тамойиллари ва суръатлари, шунингдек, мамлакат ташқи иқтисодий сиёсати устуворликларининг самарали таҳлил тизими ва доимий мониторинги йўлга қўйилмагани. Савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчилар чет эл сармояларини жалб этиш ва мамлакатимиз экспорт салоҳиятини оширишнинг уддасидан чиқа олишмаётир. Асосий сабаб уларнинг касбий тайёргарлиги даражаси етарли эмаслиги, хорижлик шериклар билан музокаралар олиб боришнинг амалий тажрибаси етишмаслиги, ахборот-таҳлил материалларни тайёрлай олмаслиги, ҳамда хорижий тилларни билиш даражасининг заифлиги ҳисобланади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Абдулазиз Комилов ТИВдаги камчиликларни санади